"SCORPION" ҳақида эшитганмисиз? Фильмни кинотеатрда томоша қилиш учун 5та сабаб

ноя 22 / 2018

alt

Интернет тармоқларида   2018 йилнинг энг узоқ кутилган – “SCORPION” бадиий фильми трейлерининг қисқа тизери ҳам жойлаштирилди. Жорий йилнинг 27-30 ноябрида Тошкентда бўлиб ўтадиган “PROlogue” Халқаро кинофестивалини кинорежиссёр Мухлиса Азизованинг ушбу фильми очиб беради.

1.      Бундай йирик масштабдаги кинолойиҳа Ўзбекистонда биринчи бор амалга оширилди. Асосийси– оригинал сюжет ва сценарий. Мазкур фильмда аксарият  ўзбек фильмлари учун одатий  бўлиб қолган севги изтироблари, қайнона-келин муносабатлари ва бошқа маиший мавзулардан воз кечилган. Портлашлар, автоҳалокатлар, отишма ва пойгалар, махсус операция ва жиноятчиларнинг махфий  йиғинлари, ҳарбийлар, вертолёт ва снайперлар – буларнинг ҳаммаси фильмга ўзгача руҳ бағишлайди.

2.  Таниқли актёрлар жамоаси. Фильмда Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист, “Бригада” сериалидаги роли билан танилган Фарҳод Маҳмудов, “Осиё Оскари” мукофотига номзодлар сафида шорт листга кирган Карим Мирходиев, таниқли ва севимли актрисамиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева каби таниқли актёрлар ҳамда  ёш, умидли актёрлар-Юлдуз Ражабова ва Акбархўжа Расуловлар иштирок этишди.  Шунингдек, ўзбек томошабинларига "Осиё" фильмидаги Демир роли орқали яхши таниш бўлган Мурат Йилдирим ( у "Буюк ёлғон",  "Бўрон",  "Муҳаббат ва жазо" сингари турк сериалларида ҳам суратга тушган),  Россия Федерацияси кино оламида таниқли бўлган   Вячеслав Разбегаевлар ҳам картинада турли образларни яратишган.

3.  Голливудча сифат. Тасвир ва овоз уйғунлиги,  махсус эффектлар, тасвирга олиш ишлари кечган Марокаш, Касабланка, Россия, Санкт-Петербург, Ўзбекистон, Бухоро каби кино локациялар сизга Голливуд фильмларини эслатиб юборса ажаб эмас.

Фильмнинг асосий сценарий муаллифи сифатида америкалик кинодраматург, қатор машҳур лойиҳалар муаллифи  Боб Андервуд  номи ҳам сизга кўп нарсани ваъда қилади.

Фильм оператори – германиялик таниқли ижодкор Макс Тцуи. Овоз устида ишлаш жараёни “Мосфильм” киноконцерни мутахассислари томонидан амалга оширилди. «Легенда 17», «Движение вверх», «Викинг» каби фильмларининг ранг тасвир ишларини амалга оширган Москванинг “Color Kitchen” компанияси ҳамкорлигида олиб борилди.

Картинани овозлаштириш  устида америкалик овоз режиссёри Гэри Буржуа ишлади. У “Борн устунлиги” (Превосходство Борна) ва “Илк қасоскорлар” (Первые мститель) фильмларида ҳам бу вазифани аъло даражада амалга оширганлиги билан машҳурдир.

4.  Чиройли тасвир ва овоз. Саҳнага олиш жараёнлари Ўзбекистон, Россия ва Марокашнинг гўзал ва бетакрор шаҳарларида амалга оширилган. Фильмнинг саундтрекини машҳур қўшиқчи, Россия халқ артисти Валерия ижро этди. Валерия – Россия Федерацияси Президенти хузуридаги маданият ва санъат кенгаши аъзоси, 13 марта «Золотой граммофон», 4 марта «Муз-ТВ» ва бошқа кўплаб мукофотларни қўлга киритган.

5. Шошилинг! Чипта олиш учун узундан-узоқ  навбатда туриб қолиш эҳтимолингиз бор. Маълумотларга кўра, “SCORPION” триллерининг трейлери икки кун ичида бир миллион мартадан ортиқ томоша қилинди.  Минглаб изоҳлар, юзлаб репостлар ва миллион кишилик аудитория – фильм намойиши муваффақиятли ўтишидан далолат бермоқда.

“SCORPION” 1 декабрдан бошлаб  мамлакатимизнинг барча катта экранларида  намойиш этилади. Кинотеатр кассаларига шошилинг!

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *