Райҳон концертининг чипта нархлари "осмонда" дея баҳоланди

янв 31 / 2016

alt

“Даракчи” нашри “Истиқлол” санъат саройи кассасида Райҳоннинг концертига сотилаётган чипта нархлари билан танишиб, муносабат билдирди.

Нашрининг қайд этишича, хонанданинг концертига сотилаётган чипталар кассаси атрофида асосан 25 ёшгача бўлганларни учратиш мумкин. Энг қизиғи, чипта нархлари “осмонда”! Агар сиз Райҳонни яқинроқдан кўргингиз келса, 180 минг сўмга(!) чипта олишнгизга тўғри келади. Бироқ бу жойлар аллақачон сотиб бўлинган. Уни кўриш учун охирги нарх ва балконнинг охири 10 минг сўм!

Касса олдида турган ёшлардан бири “Райҳоннинг концерт билети умуман қиммат! Олдинроқ қатордан жой оламан десам, 130 минг сўм дейишяпти. Арзони қолмаган”, деган. Яна бир талаба қиз эса Райҳон концертининг чипта нархлари бошқа концертларга қараганда 100 минг сўмга қимматлигини айтиб, “нима учун нархлар ҳар хил, бунга ким масъул. Бошқа концертларнинг чипталари нархи 80 минг сўмдан бошланибди. Бу нимаси?!”, дея жиғибийрон бўлган.

Ушбу масала юзасидан кассадаги сотувчига юзланилганда, у “чипта нархини биз қўймаймиз, чипта нархлари нега бунақа суммадалигини айтолмайман”, деб жавоб берган.

“Мухлисларнинг талаби бир томондан тўғри. Негаки, концерт чиптаси жуда қиммат. Нега “жуда” деган урғуни беряпмиз? Оддий арифметик таҳлил қилиб кўрайлик. Юртимизда энг кам ойлик иш ҳақи 130 минг 240 сўм. Биргина 2 соатлик концертнинг чипта нархи эса 180 минг сўм!

Дейлик, Андижондан бирор мухлис концерт томоша қилиш учун Тошкентга келадиган бўлса, Андижон-Тошкент такси пули бир кишига  ўртача 40 минг сўм, келиб-кетиш 80 минг сўм. Самолёт эса анча қиммат, поезднинг иложи йўқ. Автобус ва маршуруткалар қатнови ҳам Қамчиқ довони учун мўлжалланмаган. Тошкентга келгач ва йўлдаги еб-ичиш учун ўртача 50 минг сўм ажратсак, чиптани 180 минг сўмга олсак... Райҳоннинг ҳақиқий мухлисига уни кўриш нақ ўртача ҳисобда 310 минг сўмга тушса-я?

Бу туришда кассага келиб, бемалол ҳассада кетишингизга тўғри келади”, деб ёзади “Даракчи”.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *