PROlogue IV халқаро кинофестивали дастури маълум бўлди

ноя 24 / 2018

alt

Фестиваль дастуридан тўлиқ ва қисқа метражли бадиий фильмлар танлови, машҳур кино усталаридан маҳорат дарслари ўрин олган.

Фестивалда истаган киши кинематография соҳасида ўз билимини мустаҳкамлаши, хорижий ва маҳаллий кино усталари томонидан ишланган фильмлардан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади.

27 ноябрь куни тўлиқ метражли фильмлар намойиши қирғизистонлик кинорежиссёр Темирбек Бирназаровнинг “Тунги авария” фильми билан бошланади. Фильм намойиши пойтахтимиздаги “Premier Hall” кинотеатрида бўлиб ўтади.

Шу куннинг ўзида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида кинофестивалнинг очилиш маросими ўтказилади. Барча интиқлик билан кутаётган SCORPION фильми премьераси шу ерда бўлиб ўтади.

Фестивалнинг иккинчи куни SCORPION фильми ижодкорлари иштирокидаги  пресс-конференция билан бошланади. Бу ерда кино ихлосмандлари фильм яратилиши юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топиш имконига эга бўлади. Тадбир Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтади.

Шу куни Ёшлар ижод саройида АҚШ, Россия, Польша, Жанубий Корея, Швеция, Эрон, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг қисқа метражли фильмлари халқаро танлови бўлиб ўтади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фильмларнинг танлов намойишида истаган киши бепул иштирок этиши мумкин.

Тўлиқ метражли бадиий фильмлар халқаро танлови доирасида “Premier Hall” кинотеатрида Россия кинорежиссёрлари Амир Галиаскаров ва Рамиль Фазлиевнинг “Мулла” фильми намойиш этилади. Танлов мазкур кинотеатрда қозоғистонлик режиссёр Хуат Ахметовнинг “Арвоҳ” фильми билан давом этади. Шу куни соат 19.00 да эронлик кинорежиссёр Саттар Чаманининг “Голнеса” кинокартинаси Тошкент оммасига ҳавола этилади.

Фестивалнинг учинчи куни “Premier Hall” кинотеатрида ўзбекистонлик кинорежиссёр Сарвар Каримовнинг “Сарвқомат дилбарим” фильми билан бошланади. Танлов Босния ва Герцеговина кинорежиссёри Айда Бегичнинг “Мени ёлғиз қолдирма” фильми намойиши билан давом этади.

Шу куни Ёшлар ижод саройида миллий қисқа метражли бадиий фильмлар танлови бошланади. Танловда ёш маҳаллий кинорежиссёрлар томонидан суратга олинган тўққизта фильм намойиш этилади.

Кун танлови “Premier Hall” кинотеатрида франциялик кинорежиссёр Хьюберт Чаруэлнинг “Кичкина фермер” тўлиқ метражли бадиий фильми билан ниҳоясига етади.

30 ноябрь куни соат 10.00да тўлиқ метражли бадиий фильмлар танлови доирасида сўнгги намойиш бўлиб ўтади. Томошабинлар “Premier Hall” кинотеатрида фестивални якунлаб берадиган Перулик кинорежиссёр Оскар Катакоранинг “Мангулик” фильмини томоша қилишлари мумкин.

Фестивалнинг ёпилиш маросими 18.00да Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида бўлиб ўтади.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *