Оловуддиннинг саргузаштлари Ўзбекистонда давом этади

сен 07 / 2019

alt

Америкалик режиссёр Дэвид Грэм Хива шаҳридаги Ичан-қалъа музей-қўриқхонасида янги қисқа метражли “Оловуддин” фильмини суратга олиш ишларини ўтказди, дея хабар қилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Фильмда Хива ҳамда Бухоро шаҳарларининг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ноёб тарихий обидалари намойиш қилинган. Фильм тарихий жанрда суратга олинган бўлиб, унинг сюжети Шарқ эртакларининг машҳур қаҳрамони ҳисобланган Оловуддиннинг янги саргузаштларига бағишланган. Бош ролни экстремал актёр Кален Чан ижро этди.

Маълум қилинишича, фильм YouTube’нинг devinsupertramp каналида намойиш этилади ва у АҚШ ва бошқа хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини янада оммалаштириш йўлида хизмат қилади.

alt

Фильмни суратга олган Дэвин Грэм саргузаштлар ва спортнинг экстремал турлари ҳақида видеороликлар яратувчи америкалик видеорежиссёрдир. Унинг YouTube’даги канали 5 миллиондан зиёд обуначига эга бўлиб, 950 миллион мартадан ортиқ кўрилган.