Киношунос Феруза Нодирова: "Scorpion" фильми ўзбек киносида янги қадам

дек 03 / 2018

alt

1 декабрь куни узоқ кутилган ўзбек триллери "Scorpion" фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Киношунос Феруза Нодирова мазкур картина ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Фильм жанр нуқтаи назаридан профессионал даражада ишланган. Воқеликлар аста-секин ривожланиб бориб, кульминацияга ва ечимга томошабинни олиб киради. Картинада жангари жанрнинг хусусиятларидан тўлиқ фойдаланилган. Ўткир сюжет, драматик ҳолатлар, бугунги кун воқеликлари ўзаро уйғунлашиб, яхлит картинани асослайди. Фильмнинг тасвирий ечими, кадрлар композицияси, ранг коррекциясига ҳам юқори баҳо бериш мумкин.

Фильмга жиддий тайёргарлик кўрилгани ва катта меҳнат сарфлангани яққол кўзга ташланади. Ёш киноижодкорларнинг мураккаб вазифани ўз зиммаларига олганини фақат олқишлаш керак. Дунё кинематографияси вакилларининг "Scorpion" фильмига жалб этилгани ҳам фильмнинг ютуғидир.

"PROlogue" кинофестивалининг ёпилиш маросимида режиссёр Жаник Файзиев таъкидлаганидек, ҳадеб "мевали дарахтга тош отмасдан" ёшларнинг хайрли қадамини қўллаб-қувватлаш керак, назаримда.

Фильмнинг камчиликларини инкор этмаган ҳолда ёш киноижодкорларнинг журъатига тан бериш керак. Тўғри, айрим холларда сюжет давомида воқеалар динамикаси сустлашган, драматик ҳолатлар тўлиқ очилмай қолган эпизодлар ҳам бор. Бунинг оқибатида айрим қаҳрамонларнинг кечинмаларига ишониш қийин. Лекин умумий сюжет йўналиши томошабин эътиборини фильмнинг сўнгги эпизодигача ушлаб туради.

Ёшларнинг ўз нуқтаи назари, услуби ва фақат ўзигагина хос имзоси борлиги табиий ҳолат. Режиссёр Мухлиса Азизова мавзуга ўз нуқтаи назари ва услуби билан ёндашди. У қаҳрамонларини ана шундай ракурсда ва талқинда кўради. Бунинг учун эса у замонавий кинотехнологиянинг сўнгги имкониятларидан фойдаланди, қаҳрамонлари образига айнан шу актёрларни муносиб кўрди.

Актёрлар ижросини ҳам ижобий баҳолаш мумкин. Истеъдодли ёш актёрлар Акбархўжа Расулов ва Юлдуз Ражабовага шу жанрда ишлашга, ўз ижодий потенциалини янада очишга имкон берди.

Ёшларимиз кинотеатрларда намойиш этилаётган сифатсиз, савияси паст, енгил-елпи, бачкана фильмларни ҳам кўряпти. Бу савиясизликка ва бачканаликка альтернатива бўлган картинани кўргани афзалроқ. Токи кинода планкани юқорироқ қўяётган, ишлашга, ижодга иштиёқи баланд бўлган ёш киноижодкорларимиз борлиги қувонарли ҳол.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *