«Бизга меҳмонхонанинг зах ертўласидан жой беришди». «Ўзбеккино» буюртмасига асосан ишланаётган фильмда роль ижро этаётган талабалар ачинарли шароит ҳақида сўзлаб берди

мар 04 / 2020
 
«Бизга меҳмонхонанинг зах ертўласидан жой беришди. Ташқарида турган катта бочкада ювинишимизни айтишди». «Ўзбеккино» буюртмаси бўйича ишланаётган фильмда роль ўйнаётган талабалар ачинарли шароит ҳақида гапириб берди
 
“Ўзбеккино” буюртмасига асосан тайёрланаётган «101 солдат» номли фильмда суратга тушаётган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг талабалари ўзларига бўлаётган ачинарли муносабат ҳақида гапириб беришди. Уларнинг мурожаати Platforma.uz телеграм-каналида эълон қилинган.
 
Маълум бўлишича, талабалар совуқ кунларда ялангоёқ суратга тушиш ишларида қатнашишга мажбур бўлишган, сафардаги суратга олиш вақтида меҳмонхоналарнинг ертўлаларида яшашга мажбур бўлишган.
 
“Бизни  “101 солдат” номли кинода роль ўйнайсизлар, деб олиб кетишди. Кун совуқ бўлишига қарамай, 4 соат яланг оёқда роль ўйнадик. Бошқа ҳамма курткада. Лекин ҳеч кимга ҳеч нарса деганимиз йўқ...”
 
“Қолган бир ойлик съёмкалар Самарқандда экан. Эртаси куни Самарқандга йўл олдик. Борсак, бизга бутун бошли меҳмонхонанинг зах ертўласидан жой беришди. Бунақа шароитда яшолмаймиз, дедик. Ташқарида иккита катта бочка бор, ўшанда ювинасизлар, дейишди. Олдинда судралиб лой-балчиқларда юрадиган саҳналаримиз олиниши керак эди. Бутун бошли “Ўзбеккино” бизга ертўлада учун пул ажратмаса керак?
 
Шу тариқа икки режиссёр баҳслашиб қолишди. Иккинчи даражали режиссёр “Ҳаммасига пул ажратилган, люкс хона учун”, деса, бошқаси “Сен аралашма, ишинг бўлмасин, деди унга. Хуллас, бизнинг ёнимизни олган рус режиссёрининг айтишича, бизнинг ҳар бир кунимиз учун 186 минг сўмдан овқат пули ажратилган экан. Ундан ташқари, меҳмонхона пули ва яна ҳар биримизга бериладган гонарар... Аслида 45 та аскар бўлиши керак экан. Лекин 20 та аскарни зўрға топишди, шулар етади, дейишди. Ҳисоблаб кўринг, қанча-қанча миллионларни еб юборяпти булар. Биз бунақа жойда туролмаймиз, деб ярим кечаси телефонларимизни “залог”да қолдириб зўрға Тошкентга кириб келдик. Бир тийинсиз, хору зор бўлиб. Илтимос, мурожаатимиз ҳақида пост жойланг, ҳамма билсин киномизнинг аҳволини...” деб тугаган мурожаат.
 
«Ўзбеккино» ҳозирча бу ҳодиса бўйича муносабат билдирмаган.