$
 12875.06
13.23
 13406.80
-90.4
 124.75
-0.72
weather
+26
Вечером   +14°

Туғруқхонада яна ўлим: аёл фарзандини дунёга келтириб ўзи вафот этган

шифохона

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 26 ёшли ҳомиладор аёл фарзандини дунёга келтирганидан бир неча кун ўтиб, туғруқхонада вафот этди. Ҳолат жорий йилнинг 16 октябрь куни содир бўлган, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган эътирозлар сабаб, бир ярим ой ўтиб, расмий ахборот берди. 

ССБнинг маълум қилишича, Чироқчи туман Ғаллачи маҳалласида яшовчи, 1997 йилда туғилган А.Г. шу йилнинг 10 октябрь куни соат 06:00 да қариндошлари томонидан Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига олиб келинган. 

“Қайд этилишича, аёлда охирги кўрик 2023 йил 13 сентябрда, ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида ўтказилган. Бунда аёлга ётиб даволаниш тавсия қилинган, лекин аёл даволанишга бормаган. 

Бўлимга келганида аёлнинг умумий аҳволи қониқарли баҳоланган. 10 октябрь куни соат 16:10 да вазни 3400 оғирликдаги ўғил чақалоқни дунёга келтирган. 2023 йил 12 октябрь куни эрталаб соат 5-6 лар оралиғида аёлнинг аҳволи оғирлашиб, қорнида кучли оғриқ пайдо бўлган. Оғриқлар кучайгач, бирлашма хирург врачлари жалб қилинган, шундан сўнг вилоятдан жарроҳ, акушер-гинеколог ва нефролог чақирилган. Сўнг беморда операция ўтказилган”, дейилади хабарда. Бироқ ССБ аёл фарзандини табиий ёки кесарча кесиш йўли билан дунёга келтирганига аниқлик киритмаган. Шунингдек, аёл қайси ташхисга кўра операция қилингани ҳам аниқ эмас.  

“Операциядан кейин аёлга тегишли муолажалар қилинган. Аммо аёлнинг умумий аҳволи оғирлашган, қилинган барча муолажаларга қарамай, у 2023 йил 16 октябрь куни соат 02:30 да вафот этган”, дейилади ССБ баёнотида. Айни пайтда ҳолат Чироқчи тумани прокуратураси томонидан ўрганилмоқда. 

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот тақдим қилиб, Ўзбекистонда оналар ўлими ўсиб бораётгани, шу йилнинг уч чорагида қайд этилган ҳолатлар ўтган йилнинг мос давридагидан анча кўплигини айтган эди. Унинг билдиришича, оналар ўлими 2023 йилнинг январь – сентябрь ойларида Ўзбекистонда оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 фоизни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1 фоизга ошган. Қонунчилик палатаси йиғилишида қатнашган Соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова эса депутатларга сўз бериб, 2030 йилга келиб мамлакатда оналар ва гўдаклар ўлимини 2 бараварга камайтиришни ваъда қилди.