I ярим йилликда Сурхондарёнинг бир неча туманларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми камайди

июл 22 / 2016

alt

Бу ҳақда ЎзА хабар қилади. Ҳисобот даврида вилоятда 977,2 миллиард сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилди, ўсиш суръати 9,8 фоизни ташкил этди. 
Вилоятнинг 2016 йилги инвестиция дастурига мувофиқ 215 миллиард сўмликдан зиёд 89, жумладан, хориж инвестицияси иштирокидаги 8 лойиҳа амалга оширилди, 1 минг 345 янги иш ўрни яратилди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида амалга оширилган 106,3 миллиард сўмлик 894 лойиҳа доирасида 5 минг 300 янги иш ўрни ташкил этилди. 
Жорий йилнинг биринчи ярмида 883 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, ялпи ҳудудий маҳсулотда унинг улуши 62,7 фоизга етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 388 миллиард сўм кредит маблағи ажратилиб, 26 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Олти ойда вилоятда 52,9 миллион доллар қийматидаги маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди. 
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди. Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ туманларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми камайгани, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган тўртта лойиҳадан иккитаси бажарилмагани, 874 кичик бизнес субъекти фаолияти тўхтаб қолгани танқид қилинди. Экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортбоп маҳсулотлар тури ва ҳажмини кўпайтириш борасида сусткашликка йўл қўйилиб, 9 корхонада маҳсулот экспорти амалга оширилмаган. 8 корхона белгиланган экспорт прогнозини бажармаган. Инвестиция дастури доирасида янгидан қурилаётган, реконструкция қилинаётган ва мукаммал таъмирланаётган ижтимоий соҳа объектларининг айримларида қурилиш ишлари суст кечмоқда. 
Тадбирда дебиторлик ва кредиторлик қарзларини тугатиш, корхоналарнинг барқарор молиявий аҳволини таъминлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириб, хусусий мулкни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *