ЎзДСМИ талабаларига британиялик мутахассис томонидан маҳорат дарслари ўтилди

дек 20 / 2015

alt

Мазкур тадбир Британия Кенгаши томонидан Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг Роуз Бруфорд театр ва актёрлик маҳорати коллежи ҳамкорлигида уюштирилди. Бу ҳақда UzReport агентлиги хабар беради.

Бўлажак актёрларнинг саҳна маҳорати ва нутқини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур лойиҳага Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг 33 нафар талабаси танлаб олинди. Улар бир ҳафта давомида британиялик тренерлар қўл остида жаҳон драматургияси классиги Уилям Шекспир асарларидаги монолог ёки сонетларини ўз талқинларида ўзбек, рус ва инглиз тилларда тайёрлашди. Шекспир асарлари тасодифан танлангани йўқ. Чунки буюк драматургнинг монологлари дунёнинг барча тиллари қатори, ўзбек тилида ҳам чиройли янграйди.

alt

Шунингдек, инглиз мутахассислари ёш актёрларга турли нафас машқлари, шунингдек овоз ва пластика техникасини такомиллаштиришнинг ўзига хос жиҳатларини кўрсатиб беришди.

- Ҳафта давомида мен талабалар билан саҳна нутқи, яъни уларнинг овозини такомиллаштириш устида ишладим,- дейди тренер Жон Такер. - Биз ишни нафас олиш машқларидан бошладик. Менинг мақсадим талабаларни ўз таналарининг барча имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланган ҳолда саҳнадан туриб жонли ва қизиқарли нутқни етказа олишга ўргатиш бўлди. Шуни таъкидлаш керакки, саҳна нутқида самимийлик жуда муҳим. Актёр овоз тембри ва тонини ўзгартирмасдан ҳаётдан қандай гапирса, шундай овоз билан гапириши керак.

Фото: kultura.uz

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *