Маҳкумларга ҳам олий таълим олиш имконияти берилади

ноя 09 / 2018

– Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди

– 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассислиги бўйича ўқиш жорий этилади

alt

Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Қарор билан жиноий жазоларнинг ижросини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

2019 йил 1 январдан Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси негизида Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ташкил этилади.

Шартли ҳукм қилинган ва шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш пробация бўлинмаларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассислиги бўйича ўқиш жорий этилади.

Шунингдек, қарор билан 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.

Концепция доирасида жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро стандартларга мослигини қайта кўриб чиқиш, маҳкумларни камера типида сақлашни жорий этиш, шунингдек, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахсларни қайта касбий тайёрлаш масалалари назарда тутилган.

Бундан ташқари озодликдан маҳрум қилинганларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ўтказишга бўлган чекловни бекор қилиш, уларни олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида масофавий ўқитишни жорий этиш ҳам концепцияда ўз аксини топган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *