"Ўзфармсаноат" тугатилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинди

ноя 07 / 2017

alt

Президент 7 ноябрь куни “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фармон билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Шу билан бирга, “Ўзфармсаноат” концерни тугатилмоқда. 

Агентликка фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш йўли билан ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фармацевтика корхоналари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникалари билан таъминлаш дастурларини амалга ошириш бўйича вазифалар юклатилди. 

Шу билан бирга, Агентлик дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини, шу жумладан чет элдан импорт қилинаётганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлашни, фармацевтика корхоналарини тегишли ишлаб чиқариш амалиёти халқаро қоидаларга мувофиқлигини сертификатлаштиришни амалга оширади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази, Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институти Агентликнинг тасарруфига ўтказилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “O‘zmedeksport” давлат корхонаси “O‘zmedimpeks” давлат унитар корхонаси этиб қайта номланиб, Агентликнинг тасарруфига ўтказилди. Бунда “O‘zmedimpeks” Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ягона етказиб берувчиси этиб белгиланди, шунингдек, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича агенти ҳисобланади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *