«Терма жамоа ёмон ўйнади, аммо ғалаба қозонди» — Кечаги ўйин ҳақида

янв 10 / 2019

alt

Уммонга қарши кечган ўйин ҳақида кўп гапирмоқчи эмасман. Бу уч очко қанча асаб толасининг бошига етганини ҳамма тушуниб турибди. Ана, Твиттерга кирсангиз ҳазил-мутойиба истаганча топилади.

Ҳозир шунчаки ўйин ва унинг атрофидаги ҳолатларни салгина кўриб чиқамиз. Айтмоқчи бўлганимиз бир ёмон ва бир яхши жиҳат бор.

Ёмони

Терма жамоа ғалаба қозонди, аммо жуда ёмон ўйнади. Очиғи, бу қадар ночор жамоани Бабаян даврида ҳам кўрмаганмиз. Айниқса иккинчи бўлим бошидаги ҳолат яна такрорланса кўпчиликка ҳавас қилиб бўлмай қолади.

Бундан ҳам ёмонини Эктор Купер матбуот анжуманида айтди. Мураббийнинг таъкидига кўра, у тўп назоратига асосланган ўйинга кўрсатма берган. Аммо рақиб бунга имкон бермабди. Мана шуниси жуда хавотирли. Демак, ё мураббий футболчиларнинг имкониятини яхши билмайди, ёки футболчилар мураббийни яхши тушунмаяпти.

Яхшиси

Терма жамоа ёмон ўйнади, аммо ғалаба қозонди. Ҳа, дўстлар, бу шунчаки метафора эмас, ҳақиқат. Битта жумланинг ўзидан ҳам яхши ҳам ёмон жиҳат топиш мумкинлигини кўриб турибсиз.

Очиғи, қандай қилиб бундай дабдала ўйин билан ғалаба қозониш мумкинлигига ҳозиргача тушуниш қийин бўляпти. Бу ўйиннинг кишини хурсанд қиладиган икки жиҳати бор - футболчилардаги индивидуал маҳорат ҳамон жойида ва захира ўриндиғимизда ўйин кучайтира оладиган йигитлар етарли. Яна Купер ўша захира имкониятларидан фойдала олганини ҳам инсоф юзасидан қўшиб кетиш керак.

Кейинги ўйин

Япония ва Туркманистон ўртасида кечган ўйинни кўрдингиз (3:2). Ён қўшнимизга қарши кечадиган кейинги баҳсда ҳам осон бўлмайди, бу аниқ. Айниқса бунақа жамоа билан.

Ҳозир биз умид қиладиган биргина жиҳат бор - Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогидан олдин ўртоқлик ўйини ўтказмаган. Жамоавий ўйиндаги нуқсонларга сабабни шундан қидириб турган маъқул. Демак кун ўтгани сари футболчилар ўртасидаги ўзаро тушунмовчилик ариб бораверади. Шунингдек мураббий билан ҳам. Боз устига Уммонга қарши кечган баҳс ҳам ёрдам бериши аниқ.

Ҳозирча бор умид шундан. Очиғи, Туркманистон билан ҳам худди шундай ўйин бўлса, шахсан менга жуда оғир ботган бўларди. Ўйлашимча, сизга ҳам.

Зафар ҚОСИМОВ
Uff.uz

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *