Саккиз нафар ўзбекистонлик дзюдочи Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга бўлди

июн 08 / 2016

alt

Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рейтинг очколари ўйналган мусобақалар якунларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси саккизта йўлланмага эга бўлди. 

Эркаклар терма жамоамиз барча еттита (-60, -66, -73, -81, -90, -100, +100 кг) вазнда йўлланмага эга бўлишган бўлса, аёллар терма жамоамиздан Гулноза Матниёзова (-70 кг) қитъавий квота орқали Олимпиада ўйинларида қатнашиш хуқуқига эга бўлган. 

Маълумки, Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рейтинг очколари ўйналган мусобақалар якунларига кўра эркаклар ўртасида ҳар бир вазн тоифасида кучли 22таликдан, хотин-қизлар орасида эса кучли 14таликдан ўрин олган спортчилар “Рио-2016” ўйинларига йўлланма оладилар. Қоидага кўра, ҳар бир вазн тоифасида бир давлатдан фақатгина бир нафар спортчи йўлланмага эга бўлади. Бундан ташқари, қитъавий квоталар орқали ҳам спортчиларга Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари берилади. 

Эркаклар терма жамоамизнинг икки нафардан спортчиси -60 кг. ва -81 кг вазн тоифаларида кучли 22таликдан ўрин эгаллашган. Булар Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг), Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг), Шаҳзодбек Собиров (-81 кг) ва Яҳё Имомов (-81 кг). Уларнинг қай бирини XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўл олиши Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинади. 

Маълумот ўрнида, XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган дзюдо кураши бўйича мусобақалар 6-12 август кунлари ўтказилади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *