Coca Cola 2019 йилги мавсум учун Суперлига ҳамда Ўзбекистон Кубогининг титул ҳомийсига айланди

мар 05 / 2019

alt

Coca Cola компанияси Суперлиганинг 2019 йилги мавсуми учун титул ҳомий бўлиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бунгача Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Pepsi билан музокара олиб борган ҳамда икки ташкилот ўртасидаги шартнома бугун — 5 март куни имзоланиши керак эди. Бунгача ҳам Coca Cola компанияси ПФЛ билан музокара ўтказганди. Таклиф нисбатан яхшироқ бўлганига қарамай, ПФЛ 2018 йилги ҳомий — Pepsi вариантини маъқулроқ деб топди.

Бироқ кеча — 4 март куни Coca Cola ўз таклифини ўзгартирди. Бу таклиф Профессионал футбол лигаси учун олдинга ташланган қадам бўлиши мумкин эди. Унга кўра, компания нафақат Суперлига, балки Ўзбекистон кубоги мусобақаси учун ҳам ҳомийлик қилади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар қилди. 

Жорий мавсумда Профессионал футбол лигаси Суперлига клублари учун бадал пулларини оширмади. Қўшимчасига, ҳакамлар, инспекторлар ҳамда комиссарлар учун барча сарф-ҳаражатларни ўз бўйнига олди. Шунингдек, Суперлига клублари футболчиларининг ҳар бирига ўз ёнидан чиқим қилиб, 10 миллион сўмлик суғурта полислари олиш имкониятини яратди. 

Профессионал футбол лигаси Pepsi билан ҳамкорликни қадрлайди. Мазкур компания бизнинг ташкилот учун жуда катта ёрдам берди ва ўзаро ҳамкорлик давомида ўзининг профессионал дастур ҳамда йўналишлари билан ижобий таассурот қолдирди, маркетинг йўналишлари билан ўрнак бўла олди. Ўзининг иқтисодий кўрсаткичларини йилдан-йилга яхшилаб боришни ният қилаётган Профессионал футбол лигаси 2018 йилги мавсумдаги ҳамкорлик учун Pepsi компаниясига ўз миннатдорчилигини билдиради ва келажакда ҳам ўзаро ҳамкорлик учун тайёрлигини маълум қилади. Pepsi Суперлиганинг илк титул ҳомийси сифатида тарихда қолади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *