Жиззахда ҳашар доирасида ўқитувчиларнинг 272 млн сўм иш ҳақи "Сўғдиёна" футбол клубига "хайрия" қилинган

ноя 16 / 2018

alt

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати Жиззах вилоятида ўқитувчилардан маҳаллий футбол клубини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 272,15 млн сўм маблағ йиғилгани аниқланди. Вазирлик ахборот хизматидан маълум қилинишича, ҳозирда ушбу маблағларни қайтариш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Жиззах вилояти ҳокими 2018 йилнинг 2 ноябрида “Сўғдиёна профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида” фармойии қабул қилган. Мазкур фармойишга асосан 3-4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари ташкил этилган. Фармойишда умумхалқ ҳашари доирасида бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари “Сўғдиёна” профессионал футбол клубининг ҳисоб рақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Ушбу умумхалқ ҳашари доирасида Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 10 та туман халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаби ишчи-ходимларидан жами 272 156 729 сўм миқдорида пул маблағлари ишчи-ходимларнинг иш ҳақидан ўтказиб берилган.

Ҳокимнинг бу фармойиши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига зид равишда қабул қилинган. Умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Президентнинг тегишли ҳужжати ёки ҳукумат қарори мавжуд бўлгандагина ташкил этиш мумкин.

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашувидан сўнг вилоят ҳокимининг “Сўғдиёна профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги фармойиши бекор қилиниши таъминланди.

Ҳозирда “Сўғдиёна” футбол клуби ҳисоб рақамига ноқонуний ўтказилган пул маблағларини қайтариш чоралари кўрилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *