Жиззах: Ободлик манзили унда намоён!

апр 16 / 2019

alt

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида вилоятдаги барча туман ва шаҳарлар марказларини Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳри каби обод ва кўркам, аҳоли учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган ҳудудларга айлантириш вазифасини қўйган эди. Хўш, бугунги кунга келиб бу вазифалар қандай бажариляпти?

Президентимизнинг мазкур ташаббуслари Пахтакор тумани аҳолиси ҳаётида ҳам мутлақо янги даврни бошлаб берди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

alt

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда аҳоли сони 72 минг 800 нафарни ташкил этади. Асосий инфратузилма объектлари барпо этилган вақт Жиззах чўлларини ўзлаштириш жараёнига тўғри келади. Афсуски, ўзининг қадоқ қўллари билан ризқ яратган, чўлларни обод қилишда жонбозлик кўрсатган чўлқуварлар фаолияти, уларнинг меҳнатию, ютуқлари ҳақида мақтов гаплар кўп гапирилсада, амалда уларнинг турмуш аҳволи ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Салкам ярим аср давомида туманда саноат, уй-жой, ижтимоий объектларни бунёд этиш билан боғлиқ арзирли ишлар бажарилмади. Натижада уй-жойларни сақлаш, йўллар инфратузилмаси, коммунал, ижтимоий соҳалардаги ўткир муаммолар юзага чиқиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига, давлат идораларига бўлган мурожаатларининг ошишига олиб келди. Туманда “Обод қишлоқ”,”Обод маҳалла” дастури ҳамда «Илғор ҳудуд» лойиҳасининг изчил амалга оширишга киришилгани моҳиятан ана шундай муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

alt

Хусусан, бош режага мувофиқ, туман марказидаги “Дўстлик”, “Дилором”, “Ғалаба”, “Тошкент”, “Самарқанд”, “Олтинкўл” ва “Сувонобод” маҳаллаларидаги бир ҳолатга келиб қолган кўпқаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, боғча, мактаб, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, сервис, хизмат кўрсатиш, савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш юзасидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишларни ўз муддатида якунлаш учун зарур ишчи кучи ва техникалар жалб қилинган.

Олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида туман марказидаги асосий кўча – Шароф Рашидов номидаги кўчанинг аввалги хира манзараси барҳам топиб, қиёфаси кундан-кунга таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилмоқда, ўртага тунги ёритгичлар ўрнатилди, яшил майсазорлар ташкил қилиниб, дарахт кўчатлари ва гуллар экилмоқда. Шу кўчада жойлашган уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ички ва ташқи қисмлари ҳамда атрофларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариляпти.

alt

Бош режа асосида янги қурилаётган 23 та, капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилаётган 49 та, жами 72 та объектнинг салмоқли қисми ҳам ана шу кўчада жойлашган. Мисол учун, туман тиббиёт бирлашмаси биноси ҳам дастур асосида замонавий ҳолатга келитирилди. Айни пайтда қайта таъмирланган ва зарур жиҳозлар билан таъминланган масканда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча шароитлар бор.

Келажак боғчадан – бошланади. Бу ҳаёт ҳақиқати. Пахтакордаги ўзгаришлар жараёнида алоҳида ҳисобга олинган бўлиб, шу кунларда 2-сонли мактабгача таълим муассасасида мукаммал таъмирлаш ишлари қизғин паллага кирган. Бунёдкорлар томонидан боғчанинг том ва пол қисмларини янгилаш, деворларнинг ички ва ташқи қисмларини замонавий ҳолатга келтириш билан боғлиқ ишлар бажарилмоқда. 10-сонли боғча ҳар томонлама замонавий ва кўркам кўринишга эга бўлмоқда. Янги барпо этилаётган 160 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасасида девор кўтариб том ёпиш, тўсиқларни ўрнатиш ишлари якунланиб, бино фасади ва ички қисмларида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ана шундай ишлар 2-, 4-, 31-сонли мактабларда ҳам бажарилмоқда.

“Обод марказ” лойиҳаси асосида Пахтакорда ўнлаб янги  савдо, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари, меҳмонхона қад кўтаради, мавжудлари эса бугунги давр талаблари бўйича таъмирдан чиқариляпти. Бу, ўз-ўзидан одамларга янги қулайликлар, янги иш ўринлари яратилиши, иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлашда янги имкониятлар юзага чиқишини англатади.

alt

Ҳудудда узоқ йиллардан бери оғриқли масала бўлиб келаётган канализация, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш ишлари жадал олиб бориляпти. Табиийки, бу жиҳат соҳалардаги ўткир муаммоларни ечишда комплекс ёндашувни талаб этилади. Нега деганда, Президент Халқ қабулхоналарига туман аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатларнинг каттагина қисми айнан мазкур соҳаларга доир ариза ва шикоятлардан иборат. Айни пайтда мурожаатлар таҳлили уй-жой таъминоти ва уй-жой фондининг ҳолати ҳам фуқароларимизни энг кўп ўйлантираётган масалалар эканини кўрсатмоқда.

Биргина кейинги икки йилда туман марказида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 480 хонадонга мўлжалланган 10 та кўпқаватли ҳамда 60 та уч хонадан иборат икки сотихли арзонлаштирилган намунали уйлар барпо этилгани одамларнинг, айниқса, шу пайтгача уй-жойга эга бўлолмаган кам таъминланган аҳоли қатлам вакиллари, ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг уй жойга бўлган талабини қондиришда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Бу йўналишдаги ишлар мазкур йилда ҳам давом эттирилиб, жорий йилда Пахтакорда 2 та 96 хонадонга мўлжалланган тўрт қаватли турар-жой қурилмоқда.

Аслида аҳолининг уй-жойга эҳтиёжи, жойларда эскириб, шу пайтгача таъмир кўрмаган уйларнинг ҳамон эътиборсиз қолдирилаётгани ортидан аҳолининг бу борадаги эътироз ва муаммолари ошгани натижасида юзга келгани ҳам ҳақиқат. 2017-2018 йилларда туман марказидаги абгор аҳволга келиб қолган 185 та кўпқаватли уйнинг 14 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, жорий йилнинг шу даврига қадар 12 та кўпқаватли уйнинг том қисми, 5 тасининг фасад қисми мукаммал таъмирланди. Албатта, мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, бундай уйлар ва уларнинг атрофи замонавий қиёфага киради.

Туман марказидаги маҳаллаларда 1960-1966 йиллар давомида қурилган 88 та барак типидаги уйларда 900 дан зиёд оила, 3 минг 600 дан ортиқ аҳоли оддий маиший шароитлардан ҳам мосуво ҳолда кун кечириб келаётган эди. Номига бошпана вазифасини ўтаб турган бундай уйлар ҳар қандай қоидага солиб кўрилса ҳам ҳаёт хавфсизлиги талабларига мутлақо жавоб бермайди.

alt

 Мана шундай ўта оғир шароитда яшовчи кўп сонли фуқароларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда бундай уйларда яшовчи оилалар учун “Олтинкўл” махалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 19 гектар, “Олмазор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 4,2 гектар ер майдонлари ажратиб беришга қарор қилинди. Мазкур янги массивларда 610 та уй барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

“Олтинкўл” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги массив пайдо бўладиган улкан майдонига қозиқ қоқилиб, катта ҳашар ташкил этилди. Пойдевор ўрни белгиланиб, тупроқ ишларига киришилди. Тадбир давомида фуқароларга бу ерда барпо этиладиган уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, инсон ҳаёти учун зарур бўлган шароитларни яратиш бўйича қилинадиган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Барак уйларда яшаб келаётган фуқаролар уйлар қурилиши жараёнида бевосита иштирок этиш, шу боис қурилиш майдонига яқин жойдан вақтинча яшаш учун шароит яратиб бериш юзасидан ўз истак ва таклифларини билдиришди.

Халқимизда қимирлаган қир ошар ошар, деган нақл бор. Бугун ҳақиқтда меҳнатнинг машаққатидан қочмай, мақсадни тўғри қўйганлар катта натижаларни қўлга киритмоқда. Аниқ рақамларга ўтамиз: туманда 2018–2019 йиллар давомида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 260,5 млрд. сўм бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 133 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Масалан, Беруний кўчасида 5,95 гектар ер майдонда барпо қилинган “Пахтакор текст” МЧЖ ҳам ана шундай замонавий корхоналар жумласидан. Ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона йилига
9 минг тонна толадан қиймати 11 млрд. 250 млн. сўмлик 8,1 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Умумий қиймати  22 млн. 300 минг АҚШ долларини ташкил этадиган лойиҳа агар тўла қувват билан ишласа, 400 нафар янги иш ўрни барпо бўлади, маҳсулотнинг салмоқли қисми эса асосан Хитой, сўнгра эса Россия, Туркия ва Белгия давлатларига экспортга йўнаттирилади.

Одамларни ҳаётдан рози қилиш келажагимиз янада гўзал, салоҳиятли бўлишини таъминлайди. Қачонки, одамлар бахтли яшаса, улар дунёни янгилашга, ўзгартиришга қодир бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *