Uz24.uzда 12 март тонгги хабарлари

мар 12 / 2019

     Қирғизистон масжидларида маърузаларни бошқа тилларда ўтказиш тақиқланди 

alt

Қирғизистон масжидларида жума маърузаларини қирғиз ва рус тилидан бошқа тилларда ўтказиш тақиқланди. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари идораси матбуот хизматига таяниб кун.уз ёзмоқда. 

6 март куни Қирғизистон муфтийси Максатбек Токтомушев жума маърузалари қирғиз тилида, зарурат бўлганда рус тилида ўтказилиши шартлиги ҳақидаги буйруқни имзолаган. Буйруқда айтилишича, жума маърузалари асосий миллат вакиллари яшамайдиган ҳудудларда ҳам қирғиз тилида (зарурат бўлганда рус тилида) ўтказилиши шарт. Хутбадан ташқари бошқа ҳолларда тил бўйича чеклов лар йўқ. Шунингдек, мамлакат жанубидаги баъзи масжидларда маърузалар ўзбек тилида ўтказилган.

alt

Дунё радиостанциялари афсонавий Майкл Жексондан юз ўгирди

“Tengrinews” нашрининг хабар беришича, дунё радиостанциялари ва одамлар афсонавий қўшиқчининг педофилия бўйича айбланаётган “Неверлендни тарк этиб” номли ҳужжатли фильми намойишидан сўнг унинг қўшиқларидан воз кеча бошлашган.

Шунингдек, марҳум юлдузнинг композициялари Буюк Британия, Канада, Янги Зеландия ва бошқа мамлакатлар радио эфирларида узатилиши тақиқланган. Радиокомпаниялар  буни тингловчиларнинг тақдим этилган фильмга нисбатан реакцияси билан изоҳлашмоқда.

“Неверлендни тарк этиб” номли тўрт соатлик ҳужжатли фильм  Жеймс Сейфчак ва Уейд Робсоннинг гувоҳликлари асосида ишланган бўлиб, улар болаликларида бир неча йиллар давомида Майкл Жексоннинг ғайриоддий тажовузлари қурбонига айланганликларини ҳикоя қилишган.

alt

Зинедин Зидан яна «Реал»га бош мураббий бўлди

Мадриднинг «Реал» клуби аргентиналик мутахассис Сантьяго Соларини  истеъфога чиқариб, клубнинг янги бош мураббийи номини эълон қилган. Унга кўра, «Реал»ни яна франциялик Зинедин Зидан бошқаради. Бу ҳақда клуб расмий сайтида хабар берилган.

Бир оз аввал «Реал» билан Европа Чемпионлар Лигасида кетма-кет уч марта ғолиб чиққандан сўнг хайрлашган Зидан билан Мадрид клуби ўртасидаги шартнома 2022 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланиб тузилади.

alt

Андижон давлат университети Туркиянинг Анқара ва Гази университетлари билан ҳамкорлик қилади 

Андижон давлат университети проректори Баҳтиёр Расулов бошчилигидаги делегация вакиллари хорижий олий ўқув юртлари билан академик ва илмий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Туркия Республикасининг Анқара ҳамда Гази университетларига ташриф буюриб, у ердаги ўқув жараёни ва ОТМлар моддий техник базаси билан танишган. Бу ҳақда университет матбуот хизмати котиби Шарофиддин Ҳошимжонов «Дарё»га хабар берган.

alt

Анқара давлат университетига ташриф чоғида академик алмашинув (талабалар ва профессор-ўқитувчилар) дастурини амалга ошириш, кимё йўналишида тадқиқот олиб бораётган докторантларни Erasmus+ дастури доирасида 1—3 ойлик малака оширишларини ташкил этиш, шунингдек, ҳамкорликда конференция, фестиваль ва семинарлар ўтказишга келишилган.

 

Москвадаги уйларнинг бирида қизалоқ-Маугли яшаётгани аниқланди..

alt

Маълум бўлишича 5 яшар қизча онаси томонидан бир неча кунлаб уйда ёлғиз қолдирилиб кетилган.  Уй ичкариси эса ўта тартибсиз бўлиб, қўланса ҳид анқиганидан қўшнилар бир неча бир участка инспекторларини чақиришган. Аммо ушбу вазиятга инспекторлар қўл силтаб кетаверган. Фақат охирги марта келган аёл полициячи фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларини чақириб, эшикни бузиб очишларини сўраган. Ичкарига киришгач, беш яшар қизалоқ ахлат уюмлари орасида оч-наҳор, ёлғиз ўтирганига гувоҳ бўлишган.

alt

Онаси эса ишга бориши, коммунал хизматлар ва кредитдан қарзи кўплигини айтиб, бунинг учун квартирани сотиб қарзларидан қутулишга бел боғлаган. Айни дамда қизалоқ касалхонага ётқизилиб, унга анорексия ва яна шу каби бир нечта хасталиклар ташхиси қўйилган.

alt

Ҳайратланарлиси, унинг одамга ўхшаб гапира олмайди, овқат берилса аввал ҳидлаб кўради, каравотда ётишдан кескин бош тортиб, полда ётишни маъқул кўради. Кийиниш ва ювиниш, ҳатто ҳожатхонага боришни билмаслиги унда бир талай ҳайвонларга хос жиҳатлар мавжуд эканлиги кўрсатади. Тез орада мутахассислар ушбу жумбоққа ойдинлик киритишади. Шафқатсиз она эса қилмишига яраша жазосини олади.

alt

Наргиза Абдуллаева режиссёрларнинг ўта хавфли ва нозик сирларини очиб ташлади…

Актриса Наргиза Абдуллаева олдин ҳам шунга ўхшаш интервью берганини кўпчилик билади. Бу гал у “ҳордиқ”қа берган интервюсида кинорежиссёрларнинг энг нозик қирраларини очиб ташлаган.

— Мени режиссёрларнинг айрим адолатсизликлари, хурмача қилиқлари қаттиқ ранжитади, — деди актриса. — Улар ёш актрисаларга алоҳида хушомадга қоришиқ муносабатда бўлишади. Бундан хулоса келиб чиқадики, ўша ёш актрисалар ё режиссёрга катта пул берган, ёки ораларида ҳалигидай… Нимадир бўлган. Ҳатто, ёш актрисалар суратга олиш жараёнига кечикиб келишса ҳам режиссёрлар лом-мим демайди. Худо кўрсатмасин, биз кечикиб келсак, катта жанжал бошланади. Шуям адолатданми, дея ўз фикрларини баён этган актриса.

alt

Петербургда ўзбекистонлик талаба вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланди…

Россиянинг Петербург шаҳри полициячилари яқинда Радиотехника коллежининг 4 курсида ўқийдиган 19 ёшли ўзбекистонлик талабани қўлга олишган.  У 9- синфда ўқийдиган қизга жинсий зўравонлик қилганликда айбланмоқда. Шикоят аризасини эса полицияга қизнинг 36 ёшли онаси тақдим этган. Аризада ёзилишича, талаба ўзига тегишли бўлган ижара уйда қизга нисбатан жинсий зўравонлик қилган.  Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

alt

ОБ-ҲАВО маълумотлари:

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 12 март куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 4-6, кундузи 15-17 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 0-5, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-7, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Тошкент ва Сирдарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-7, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади. 

Самарқанд ва Жиззах вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-7, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 3-8, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-7, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Қор кўчиши хавфи бор. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 3 даража совуқ - 2 даража илиқ, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *