Уйини тунаган ўғрилар ўзининг неваралари бўлиб чиқди

фев 11 / 2019

alt

Ўғрилар жондан ортиқ дилбандлари — неваралари эканини эшитган Мастура ая (мақоладаги исмлар ўзгар­тирилган) саросимага тушиб қолди. «Қариган чоғимда не­вараларини қаматди, деган иснодга қоламанми?», дея ич-этини ерди. Суд бўладиган куни кечаси билан мижжа қоқ­мади.

— Менинг ҳеч қандай даъвом йўқ, — деди буви эрта билан судьяга учрашиб. — Илтимос, невараларимни қа­матманг. Уларни кечиринг!

Панжара ичида ўтирган невараларнинг кўзида эса на афсус ва на уят бор эди. Буви судланувчиларга енгиллик бе­рилишини сўраса-да, қонун олдида ҳамма бирдек жавоб беришга мажбур.

Келин вафот этди, ўғил қамалди

Мастура ая ўғли Равшанни ўзи ёқтирган қизга уйлантир­ди. Бу билан у ўғли ўзгаради, деб ўйлаганди. Афсуски, Рав­шан ичкиликка берилиб кетди. Ишдан ҳам бўшади. Невараси Ботиржон туғилганида энди оилада тотувлик ва хотир­жамлик бўлади, дея хурсанд бўлганди. Равшан энди алами­дан хотинини ҳам дўппослар­ди. Келин унинг инсофга кели­шини кутди. Бу орада иккинчи ўғли Асадбек дунёга келди. Келин оғир дардга чалиниб, кўп ўтмай вафот этди. Энди­гина 4-5 ёшга қадам қўйган болалар ичкиликка берилган ота қўлида қолди.

Яқинлари ва қўни-қўш­ниларнинг панд-насиҳатла­ри Равшанга кор қилмади. У ўғрилик туфайли жиноий жавобгарликка тортилди. Ота-она меҳрига зор бўлган фарзандлар тарбияси Мастура ая зиммасига тушди. Кекса­йиб қолган онахон кўп қий­налди. Неваралар кўнгли бўш бувига қулоқ солмай кўча бо­ласига айланиб қолишди. Шу орада қамоқдан қайтган ота яна жиноятга қўл урди, пан­жара ортига қайтди.

Кўнгли тусаган ишдан қайтамади

Ботиржон ва Асадбек кўнг­ли тусаган ишни қиладиган бўлишди. Ишламасдан пул то­пиш йўлларини қидиришарди. Ботиржон ўйлаб ҳам ўтирмай, жиноятга қўл урди. Ўзганинг мулкини ўғирлаган ўсмир эр­таси куниёқ қўлга олинди.

Жазо колониясидан қайтга­нидан кейин ҳам аввалгидек енгил-елпи ҳаёт кечиришни маъқул кўрган йигит муқад­дам судланган қўшниси Саъ­дулла билан топишиб, тунги клубларга қатнай бошлади. Укаси Асадбек ҳам уларга қў­шилди.

Ана шундай кунларнинг би­рида уларда яна пулга эҳтиёж туғилди. Ботиржон ўйлаб қўй­ган режасини амалга ошириш мақсадида Саъдулла ва укаси­ни ёнига чақирди.

– Менда бир таклиф бор, – деди Ботиржон шериклари­га зимдан назар ташларкан. – Назаримда, бувимнинг йиғиб қўйган пули бор.

– Тилла тақинчоқлариям бор, ўз кўзим билан кўрдим, – гапга қўшилди Асадбек. – Харидорини топсак, анча қим­матга кетади.

Орқа томондаги девор ор­қали ҳовлига кирган Ботир­жон дарвозани очди, шерик­лари ичкарига кирди. Сўнгра улар уйга кириб, сандиқдаги тилла занжир ва 1 млн 500 минг сўм пулни олиб чиқиб кетишди. Саъдулла бир тани­шига тилла тақинчоқни 2 млн сўмга пуллаб юборди. Текин даромадга эга бўлган йигит­лар яна тунги клубга шоши­лишди.

Ўзингдан чиққан балога...

Мастура ая уйига кирди-ю, қотиб қолди. Хоналардаги барча буюмлар полда сочилиб ётар, тилла занжир ва пуллар жойида йўқ эди. У саросимага тушиб, зудлик билан Урганч шаҳар Ички ишлар бошқарма­сига мурожаат қилди. Аянинг уйига тезда етиб келган тер­гов-тезкор гуруҳи ходимлари воқеа жойини ўргана бошлаш­ди. Тезкор гуруҳ таркибида бўлган эксперт-криминалис­тика гуруҳи эксперти воқеа жойида қолдирилган излардан намуналар олди. Ушбу излар «Сонда» автоматлаштирил­ган дактилоскопик таққослаш тизими базасидаги мавжуд маълумотлар билан солишти­риб кўрилди. Натижада воқеа жойидан олинган қўл-бармоқ излари хонадон соҳибасининг невараси Ботиржонга тегишли бўлиб чиқди.

Гумон қилинувчи сифатида шаҳар ички ишлар идорасига олиб келинган йигит қилми­шини тан олмасдан, турли ба­ҳоналарни рўкач қилиб, сув­дан қуруқ чиқмоқчи бўлди. Аммо дастлабки суриштирув­ларданоқ унинг хатти-ҳарака­ти ҳамда кўрсатмаларида бир-бирини инкор этувчи ҳолатлар сезилиб қолди. Шундан сўнг­гина у тақдирга тан бериб, жи­ноий шериклари билан буви­сининг хонадонига ўғирликка тушганини тан олди.

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди ўғирликка қўл урган бу кимсаларнинг жиноий хатти-ҳаракатларини атрофлича муҳокама қилиб, уларга нисбатан тегишли жазо тайинлади.

Манба: “Маҳалла” нашри

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *