Қўшимча квота асосида пуллик тўлов орқали мактабга жойлаштириш тартиби бекор қилинмоқда

июл 22 / 2019

 

Болаларни мактабга қабул жараёнини янада такомиллаштириш, жумладан, ихтиёрий пуллик тўловни бутунлай бекор қилиш бўйича таклифлар муҳокамага қўйилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
 
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги қарори билан «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланган. Маъмурий регламент ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи ҳамда жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
 
Ушбу маъмурий регламентга мувофиқ, жорий йил 21 июнидан бошлаб Тошкент шаҳрининг 81 та умумий ўрта таълим мактаби 1-синфига болаларни давлат хизматлари маркази орқали қабул қилиш жараёнлари бошланди. Шу кунга қадар 3330 нафар бола бириктирилган микроҳудуд доирасида ушбу умумтаълим мактабларига тегишли йўлланмалар асосида коррупсиясиз қабул қилинди.
 
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда маъмурий регламентни ўзгартириш юзасидан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.
 
Мазкур таклифлар асосида Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда маъмурий регламентга ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор лойиҳасини тайёрлади. Ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда.
 
Маъмурий регламентга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
 
Қўшимча квота қуйидагиларга ажратилиши белгиланмоқда:
 
микроҳудудда доимий прописка асосида яшаётган фуқароларнинг тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган болаларига;
 
умумий ўрта таълим муассасасида фаолият юритувчи педагог ва ходимлар фарзандларига;
 
акаси ёки опаси мазкур умумий ўрта таълим муассасасида таълим олаётган оилаларнинг мактаб ёшига етган фарзандларига;
 
умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига.
 
Амалдаги маъмурий регламентда ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўловни амалга оширганидан сўнг қуйидагилар учун қўшимча квота ажратилиши белгиланган:
 
микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги болалар;
 
микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 августига қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар;
 
умумтаълим муассасаларида (микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари) таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ариза берувчиларнинг ихтиёрий розилиги асосида йиғим ундирилади.
 
Бундан ташқари, кўрсатилаётган давлат хизматлари учун тўлов миқдори ҳамда қўшимча квота бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги ҳамда кузатув кенгаши томонидан белгиланадиган тўлов бекор қилинмоқда.
 
Қўшимча квота асосида ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги билан пуллик тўлов орқали мактабга жойлаштириш тартиби бекор қилинмоқда. Яъни бу ўзгартиришлар кучга кирса, қўшимча бир маротабалик тўлов орқали микроҳудудидан ташқаридан ўқувчини жойлаштириш имконияти умуман йўқ бўлади.
 
Қўшимча квота юқорида таъкидланган тоифадаги шахслар учун белгиланмоқда.
 
Қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 5 августга қадар давом этади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *