Қарз олди-берди муомаласи: Нима қилса эҳтимолий оғир вазиятларнинг олди олинади?

мар 15 / 2019

alt

Мавзу юзасидан Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов қуйидаги жоиз маълумотларни келтириб ўтадилар.

«Қарз» сўзи араб тилида «узиб олиш», деган маънони билдиради. Масалан, кесиш, узиш учун ишлатиладиган қайчи араб тилида «миқроз» дейилади. Қарз берувчи ўзининг молидан бир қисмини узиб, кесиб, қарздорга бергани учун ҳам маълум муддатга пул ёки моддий қиймат бериб туриш мана шу сўз билан аталадиган бўлиб кетган.

“Қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзиб қўйинглар».

Қуръоний услубга кўра, ғоятда муҳим қонун-қоидаларни баён қилишдан олдин бу илоҳий кўрсатмалар кимлар учун мўлжалланганлиги айтилмоқда:

 «Эй иймон келтирганлар!».

«Маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзиб қўйинглар».

Маълумки, бугунги кунда молиявий муомалаларга оид барча муҳим ишлар нотариал идоралар томонидан гувоҳлар ҳузурида ёзиб, расмийлаштирилсагина қонуний кучга эга бўлади. Шундай қилинса, ҳеч ким норози бўлмайди, ҳеч кимнинг ҳақига тажовуз қилинмайди. Қуръони карим эса бундан ўн беш аср олдин бу қоидани гўзал ва мукаммал тарзда, ҳеч бир тўлдиришга ўрин қолдирмай баён қилиб берган.

«Орангизда бир котиб уни адолат билан ёзсин».

Демак, қарз ҳақидаги тилхатни қарз бераётган одам ҳам, олаётган одам ҳам ёзмайди. Буни бетараф, холис одам – котиб ёзсин. Таомил шундай.

«Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин».

Афсуски, ушбу илоҳий қонундан узоқлашилгани боис, бугунги кунда қарзни вақтида адо этмаслик биз учун одатий ҳол бўлиб қолган. Қаерга қараманг, жуда кўплаб низолар, уруш-жанжаллар, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар орасининг бузилиши, ҳатто оғир жиноятлар қарз муаммоларидан келиб чиқмоқда. Ақл бовар қилмас даражадаги катта қарзлар бир неча йиллардан бери тўланмаган. Кимдир қарз берган, кимдир олган, аммо қуруқ сўзга ишониб, ялиниб-ёлворганига раҳми келиб, на гувоҳ чақирилмаган, на кимдир бирон нарса ёзган. Энди эса омонатга хиёнат юзага келади – қарз берувчи талаб қилади, олувчи бермайди. Мабодо кимдир ўртага тушган бўлса, қарзини қайтариб ололмаган одам жон аччиғида унинг ўзига ёпишяпти, яхшилик қиламан, деган одам балога қолиб кетяпти. Шунинг учун кўпинча одамлар бундай ғалвали масалага аралашишдан, ўртага тушишдан ўзларини олиб қочадилар. Аммо Аллоҳ таолонинг Ўзи бунга чақиряпти. Бир киши гувоҳликка чақирилса, Аллоҳ билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, чунки бу савоб иш, Аллоҳ буюрган иш.

«У ёзсин, ҳақ зиммасига тушган киши эса айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин»

Қарз берувчи эмас, балки ҳақ зиммасига тушган киши, яъни қарз олаётган одам «Мен, Фалончи, Фалончидан фалон миқдордаги пулни фалон муддатга фалон шартлар билан Фалончининг гувоҳлигида оляпман», деб айтиб турсин. Айтиб турган одам Аллоҳга тақво қилсин, бирон нарсани камайтирмасин, яширмасин, қарз олувчини, гувоҳларни алдамасин.

“Қарз ҳаммага ҳам берилавермайди...”

Қарз ҳаммага ҳам берилавермайди. Олган қарзини узишга кўзи етмаса, аввал ҳам бировлардан қарз олиб, уза олмаган ёки узишни кечиктириб юрган масъулиятсиз, субутсиз одам бўлса, бундай одамга қарз берилмайди. Ваҳоланки, қарз бераётган одам ўзининг фойдасини кўзламайди, балки мушкул аҳволга тушган одамни бу ҳолатдан чиқаришга, қийналган одамга кўмак беришга ҳаракат қилади.

Қуръони Каримнинг яна бир юксак адолати шуки, «Агар ҳақ зиммасига тушган киши эсипаст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин».

Қарз олаётган одам ҳисоб-китоб ишларини, нарх-навони яхши тушунмаса ёки заиф, яъни ёши кичик, кексайиб қолган, оғир касал бўлса ёки гапира олмаса ёхуд бошқа жиддий, узрли нуқсонлар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини зиммага оладилар.

«Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг».

Табиийки, гувоҳликка адолатли, гувоҳлиги қабул қилинадиган, инсоф-диёнатли кишилар чақирилади.

«Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин, икковидан (аёллардан) бири адашса, бири бошқасининг эсига солади».

Динимизда бир эркакнинг гувоҳлигига иккита аёлнинг гувоҳлиги тенг қилинади. Шунинг учун бу каби ўринларда иккита эркак гувоҳ топилмаса, бир эркак ва иккита аёлнинг гувоҳлиги жоиз дейилган.

«Чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар»

Қарз масаласи ниҳоятда серғалва иш бўлиб қолгани учун кўпинча ўртага тушишдан қўрқамиз, айниқса, пул олди-бердисида гувоҳ бўлишни истамаймиз. Гувоҳликка чақиришса, баҳона топиб, ўзимизни олиб қочишга уринамиз. Лекин Аллоҳ таоло бундай қилиш дуруст эмаслигини, гувоҳликка чақирилганда бош тортмаслик лозимлигини таъкидламоқда. Келиб, гувоҳликка ўтсинлар. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Сизларга энг яхши гувоҳ кимлигини айтиб берайми? Гувоҳлиги сўралмай туриб гувоҳлик берадиганлардир», деганлар. Яна бир ҳадисда «Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади», деганлар.

«Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг».

«Шу арзимаган пулни ҳам ёзамизми», деб беписандлик қилиш, «Кейин ёзиб қўярман», деб масъулиятсизлик қилиш, бирор яқинимиз, дўстимиз, танишимиз қарз сўраб келса, «Шуни ёзиб қўяйлик» деса, хижолат бўлиб ёзмаслик мумкин эмас экан. Аллоҳ таоло «ёзишни малол олманг», деяпти.

Оғзаки гувоҳликдан кўра ёзма гувоҳлик кучлироқ бўлади, ўртага низо тушмайди. Ислом – тинчлик динидир, орани ислоҳ қилиш, меҳр-оқибат кўрсатиш динидир. Ислом ҳар бир нарсада тичлик йўлини кўзлайди, жумладан, қарз олди-берди муносабатларида ҳам. Ака-ука арзимас пулни деб, эртага юзкўрмас бўлиб кетмасин, хиёнат бўлиб, дўстлар орасига адоват тушмасин, деган мақсадда динимиз ҳаммага баб-баробар ёзишни буюряпти.

Бухорий ривоят қилган.

Демак, қарз олмоқчи бўлган одам, аввало, ниятини тўғрилаши лозим экан. Агар у «Аллоҳим, шу биродаримдан қарз оляпман, уни қайтаришга Ўзинг ёрдам бер» деса, Аллоҳ таоло қарзни қайтаришга, албатта, ёрдам беради. Лекин «Бойга бало урармиди, топганда бераман-да» деб олса, Аллоҳ таоло унинг ўзини йўқ қилади.

Ҳаётда бундай ҳолатга кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Одамларни алдаб, ишончига кириб, найранг йўли билан пул олишни касб қилганларнинг бало-офатларга йўлиқиб, йўқ бўлиб кетаётгани мазкур ҳадиси шарифнинг исботидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир», деганлар.

Қарз олувчи қарзни қайтара олмаса нима қилиш керак?

Аммо қарз олган одам ночор аҳволга тушиб қолган бўлса, қашшоқ, камбағал бўлса, қарзини қайтаришга мутлақо имкони бўлмаса, нима қилиш керак? Бу ҳолатда қандай йўл тутиш кераклигини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатади:

Бақара «Агар ночор бўлса, бойи­гунича кутишдир. Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир» (Бақара сураси, 280-оят).

Агар қарздор ночор бўлса, Аллоҳ таоло қарз берувчини сабр қилишга, қарздорни қийин-қистовга олмасликка, у ўзини ўнглаб олгунича кутиб туришга чақиради. Агар қайтаришнинг асло иложи бўлмаса, қарздорнинг камбағаллиги кундан-кунга ошиб кетаётган бўлса, берилган қарздан кечиб юбориш афзал экан. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам кўплаб иршодлар бор. Қарзнинг муддатини узайтириш олий фазилат бўлса, уни кечиб юбориш ундан ҳам каттароқ фазлдир.

Бугунги кунда бировдан қарз олаётганлар ҳам, қарз бераётганлар ҳам мана шу қоидаларни яхши тушуниб, амал қилишса эди, динимизнинг катта бир ҳукми адо этилган ва кўплаб жиноятларнинг олди олинган бўларди.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *