Қандай ҳолатларда транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилади?

мая 14 / 2019

alt

Ички ишлар органлари транспорт воситаларининг жарима майдончасига топширилишида бир нечта омилларни келтириб ўтди.

“Ҳуқуқий ахборот” каналининг хабар қилишича, ички ишлар органлари томонидан қуйидаги ҳолатларда транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин:

– тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспортлар бошқарилганда;

– фойдаланиш ман этилган транспорт воситалари, шунингдек, давлат рақами ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспортлар бошқарилганда;

– давлат рақами ясама ёки ўзгартирилган транспорт воситалари, шунингдек, давлат рақами шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт бошқарилганда;

– рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспортларда йўлга чиқилганда, худди шунингдек, рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқилганда;

– кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан, ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспортлардан фойдаланилганда;

– рухсат олмасдан транспортларга товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмалар ўрнатилганда, шунингдек, давлат рақамини кўриш имкониятини чеклайдиган ашёлар ўрнатилганда ва қоплама суртилганда;

– тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидалари бузилганда (агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса);

– транспорт алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарилганда;

– алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқариш топширилганда;

– транспортни бошқариш, унга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш, тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи, рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги ҳужжатлари, суғурта полиси, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспортни бошқарганида, шунингдек ишончномаларни, транспортни бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан транспорт бошқарилганида;

– транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг транспортни бошқарганида, шунингдек, бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқариш топширилганда;

– транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар транспортни бошқарганида;

– мажбурий суғурта бўйича мажбурият бажарилмаганида;

– суғурта полисларида белгиланмаган даврда ҳамда суғурта полисларидаги шартларни бузган ҳолда транспорт бошқарилганда;

ҳайдовчилар алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ёки маст эмасликни аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганда ҳамда мазкур ҳуқуқбузарлик транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилганда;

йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчилари ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолганида;

йўловчилар лицензиясиз ташилганда;

ҳайдовчилар милиция ходимининг транспортни тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаганда;

қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ҳуқуқбузарликлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилганда транспорт воситаси (жарима солиш ҳақидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ўтгач) жарима тўлангунга қадарушлаб турилади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *