Тошкентда мактаб ўқитувчиси ва ўқувчи ўртасида низо чиққан. Ўқувчининг ота-онаси жаримага тортилди

апр 19 / 2019

alt

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги 141-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Б.Мирзаева ўқувчисига нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлар содир этганлиги ҳақидаги видеолавҳа эълон қилинганди. Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан ахборот берди.
 
Қайд этилишича, мазкур ҳолат ўрганилганда 9-синф ўқувчиси И.Б. дарс вақтида ўқитувчининг танбеҳига қарамай, у баланд овозда гапириб, дарсга халақит берган. Ўқувчининг қўли кикбокс спорт тўгарагида лат егани сабабли гипсда бўлган. Ўқитувчи ўқувчига “Ўнг қўл билан ёзсанг бўлади-ку”, деганида, бола педагогни ҳақорат қилган. Бу гапларни кўтара олмаган ўқитувчи ўқувчини бир неча бор туртган, лекин урмаган. 
 
Ушбу жараённи шу синф ўқувчиси Р.М. уяли телефонига тасвирга олиб, синфдоши С.К. ва М.А.га Telegram мессенжери орқали юборган.
 
2018 йилнинг 13 январида ўқувчи Б.И. мактабнинг ички тартиб қоидаларига риоя қилмаганлиги, тенгдошлари билан ўзаро келишмовчилиги ҳамда педагог ходимларга нисбатан қўпол муносабати сабабли таълим муассасаси ички рўйхатига олинган. Мактаб маъмурияти, синф раҳбари, психолог ҳамда профилактика нозири томонидан тушунтириш ҳамда профилактик ишлар олиб борилганлиги натижасида ўқувчи ижобий томонга ўзгарган. 2018 йил 17 майда мактабнинг ички назоратидан чиқарилган.
 
Жорий йилнинг 18 апрель куни 141-умумий ўрта таълим мактабида жамоатчилик иштирокида Вояга етмаганлар ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани идоралараро комиссияси сайёр мажлиси ўтказилди ва мазкур иш кўриб чиқилган. Комиссия қарорига кўра, Б.И. ва Р.М. ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига асосан жаримага тортилган.
Мазкур моддага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўқитувчи Б.Мирзаева мазкур вазиятдан сўнг ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган. Аммо синфнинг бошқа ўқувчилари ўқитувчи ҳақида ижобий фикр билдиришган ва Б.Мирзаеванинг аризаси инобатга олинмаган. Ўқитувчи ушбу мактабда ўз фаолиятини давом эттиради, дея якунланади вазирлик ахбороти.
 
Мавзуга доир:
 
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *