Тошкент шаҳар ҳокимлиги янги уйлар ниқобидаги турар жойлар сотилаётганидан огоҳлантиради

апр 12 / 2019

alt

Тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида 700 дан ортиқ кўп қаватли турар жойни қуриб, фойдаланишга топширган. Бу уйлардан сотиб олган аҳоли эса уйларнинг сифатсиз эканлигидан норози. 
 
Апрель ойининг бошида Тошкент шаҳар ҳокимлигида қурувчи Муҳаммадбобур Хўжаев томонидан қурилган уйларнинг сифатига бағишланган брифинг ўтказилди. Унда тадбиркорнинг уйларини сотиб олган аҳоли нафақат яшаш жойлари ҳақидаги муаммоларини баён этди, балки ёрдам сўраб ҳам мурожаат қилди, деб хабар қилади ҳокимлик матбуот хизмати. 
 
Мутасаддилар аҳолининг ўнлаб саволларига жавоб бериш қатори, бу уйлар фақат сифатсизгина эмас, балки яшаш учун яроқсиз эканлигини таъкидлаб ўтишган. Бугун маҳаллий ҳокимият вакиллари бу масалани ҳаққоний ҳал этиш юзасидан судга даво аризаси билан мурожаат этган.
 
Муҳаммадбобур Хўжаев Тошкент шаҳар ҳокими унинг фаолиятига тўсқинлик қилаётгани ҳақида маҳаллий ва хорижий ОАВларида бир неча бор чиқишлар қилган.
 
Ҳужжатларга кўра, тадбиркор Мирзо Улуғбек туманидаги Авайхон кўчасида якка тартибдаги турар жойларни қуриши лозим бўлган. Аммо номаълум сабабларга кўра, кўп қаватли уйлар қурган. Бу билан тадбиркор бошқа туманларда қўллаган хийласини давом эттирди. Аҳоли арзон нархдаги уй-жойга эга бўлиш истаги кучли бўлгани боис тадбиркорнинг уйларига харидор бўлишди, фақат кўчиб ўтгандан сўнгина бу уйлар яшашга яроқсиз эканлигини англашди. Гарчи улар фойдаланишнинг дастлабки вақтида шартномани бузиш ҳуқуқига эга бўлсаларда, ҳуқуқий саводхонликлари етарли даражада бўлмагани боис, ҳеч қандай чора кўришмаган ва ҳеч кимга мурожаат қилишмаган, – дейилади хабарда.
 
Таъкидланишича, тадбиркор кўп қаватли уйни қуриш учун Қурилиш вазирлигининг қурилишга масъул қўмитаси, давлат санитария назорати ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари, ҳудудий меъморий-шаҳарсозлик Кенгашига ўз лойиҳаларини тақдим этиб, улар маъқуллаганидан сўнгина қурилишни бошлаши лозим эди. Аммо у бу ташкилотларнинг ҳеч бири билан келишмаган ҳолда ўзбилармонларча лойиҳасини амалга оширишга киришган. Худди шунингдек, қурувчи ўз уйларини фойдаланишга топшираётганида ҳам масъул ташкилотларнинг бирортасидан қабул қилиш учун тегишли тартибда рухсат олмаган. 
 
Эътиборлиси, тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев шу пайтгача инвестор ва қурилиш ташаббускор сифатида аслида якка тартибдаги турар жойларни барпо қилган бўлсада, уларнинг барчасини кўп қаватли уй сифатида сотувга қўйган. Бундаги яна бир аҳамиятли жиҳат, аҳоли уйларининг барча коммунал тўловларини тўлаш қатори, хонадонлари якка тартибдаги турар жой рўйхатга олингани боис ер солиғини ҳам тўлашади, гарчи кўп қаватли уйда ер солиғи тўланмаса ҳам.
 
Таҳлилларнинг кўрсатишича, қурувчи уйлари мутасадди бирорта ташкилотлардан тегишли рухсатларни олмаган ҳолда биноларнинг сифатини назоратдан ўтказмасдан аҳолига топширган. 
 
Қайд этилишича, тадбиркор ерни якка тартибда уйлар қуриш лойиҳаси асосида олгани боис қурилиш жараёни ва унда қандай материаллардан фойдаланилаётганини ҳокимият назорат қилмаган. Хоналар оралиғи анаъанавий деворлар билан эмас, балки гипскартонлар билан бўлинган.  Сув таъминоти ва оқава сувлар масаласида ҳам муаммолар мавжуд.
 
Якка тартибда уй қуриш учун рухсат олиб, ўша жойларда кўп қаватли уйларни бунёд этаётган ва сотаётган шундай тадбиркорликка чек қўйиш муҳим. Акс ҳолда бошқалар ҳам Муҳаммадбобур Хўжаевдан уй харид қилиб доғда қолганлар сафига қўшилишлари мумкин, – дея таъкидлайди ҳокимлик матбуот хизмати.
 
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мазкур брифингда ушбу тадбиркор исталган пайтда суҳбат қуришга тайёрлигини маълум қилди: 
 
"У билан хоҳласа оммавий ахборот воситалари иштирокида ёки ёпиқ учрашув тарзида тегишли масалаларни муҳокама қилишимиз мумкин. Унинг нима хоҳлашини шахсан ўзидан эшитишни истайман. Қурилишга оид меъёр талабларига жавоб бермайдиган турар-жой биноларни қурган қурувчилар ва ушбу объектларни қабул қилганларнинг барчаси қонун олдида жавоб беради", – деган ҳоким.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *