Соат 23:00гача, меҳмон 250 нафаргача, машина 3 тагача, хонанда 2 тагача... Тўй-ҳашамларни ўтказиш тартиби белгиланди

сен 16 / 2019

alt

Олий Мажлис палаталари кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Мазкур низомда қуйидагилар белгиланди:

  • оилавий тадбирлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди;
  • оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши, қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин;
  • ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади;
  • дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан 3 кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин.

Талаблар:

alt

  • тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;
  • никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган автомашинадан фойдаланмаслик;
  • оилавий тадбирларда (дафн этиш маросимидан ташқари) пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик (тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно);
  • шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;
  • маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш.
  • Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
  • Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
  • Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказишда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади.
  • Оилавий тадбирларда санъаткорлар шартнома асосида хизмат кўрсатади.
  • Оилавий тадбирларда 2 нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.
  • Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.
  • Оилавий тадбирларнинг дабдабасиз, камхарж ва ихчам ўтказилиши учун биринчи навбатда маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари шахсан масъул ҳисобланади.

Мазкур низом 2020 йил 1 январдан кучга киради.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *