Шерзод Шерматов: Жорий йилда 1-синфга қабул пулли бўлмайди

июн 19 / 2019

alt

Тошкентдаги 81 та мактабнинг биринчи синфига қабул жараёнининг янги тизимини жорий этишнинг ижобий тарафлари қолиб, баъзилар «қабул пуллик бўлди» деб нотўғри талқинга ўтиб кетди. Натижада, «ҳукумат мактабларга пул ажратмаяпти», «аҳолидан пул йиғишга ўтиб кетиляпти» ва ҳ.к. каби нотўғри изоҳлар кўпайиб кетганига ушбу масалага бироз ойдинлик киритиб қўйишни мақсадга мувофиқ деб ўйладим — Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов фейсбукда ушбу мавзуда пост қолдирди.
 
Биринчидан, Учтепа туманидаги 50 йилдан бери капитал таъмир қилинмаган, қувватидан деярли 3 баробар кўп ўқувчи ўқиётган мактабга Президентимиз ташриф буюрганларидан кейин Тошкент шаҳридаги мактабларни аҳволини тубдан яхшилаш бўйича топшириқ берган эдилар. Натижада, шу икки йил давомида Тошкент шаҳридаги мактаблар аҳволини яхшилаш учун қўшимча 800 млрд. ажратиладиган бўлди. Ҳозир тегишли қарор лойиҳаси тайёрланяпти. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери, бу биринчи марта Тошкентдаги мактабларга шунча катта миқдордаги қўшимча маблағ ажратилиши. Натижада бошқа мактаблардаги моддий техник аҳвол ҳам анчагина яхшиланиши кутиляпти. Бу аҳолиси ўсиб бораётган пойтахтимиз учун жуда керак (янги тизим ва танқид асосан Тошкент шаҳрига боғлиқ бўлганига фақат Тошкент шаҳридаги маблағларни ёздим, бошқа ҳудудларда ҳам анчагина қўшимча маблағлар ажратилмоқда).
 
Иккинчидан, «престижный» деб шу пайтгача айтилаётган мактабларда таълим сифати зўр дегани эмас. Синфда 40-50 нафар ўқувчи бўлса, уларнинг орасида таълим тилини билмайдиганлари тушунмай ўтирса қандай сифат бўлсин?
 
Оддий мисол, яқинда ўтказилган республика олимпиадаси ғолибларининг атиги 9 фоизи ушбу мактабларга тўғри келяпти (22 нафар ғолибдан 2таси ушбу мактабларда ўқиган), ваҳоланки Тошкентдаги ўқувчиларнинг деярли 43,4 фоизи шу мактабларга тўғри келади (аслида 81та мактаб Тошкентдаги мактаблар сонининг атиги 26 фоизини ташкил этади, яъни шаҳарнинг 26 фоиз мактабида 43 фоиз ўқувчи ўқияпти!). Шунга бошқа мактабларда таълим сифати ёмон деган иддао умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Ишлаб чиқилаётган таълим сифатини объектив баҳолаш бўйича янги тизим жорий этилсагина қайси мактабда таълим сифати юқори экани аниқ бўлади (иккинчи графикдаги улушларга яхшилаб эътибор беринг!).
 
Учинчидан, қарор чиққани билан уни ижро механизмлари, тегишли дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишга ва унинг тўғри ишлашини текширишга, айниқса тўлов билан боғлиқ тизимларга, қанчадир вақт кетади, шунга ҳозир фақат бепул қабул амалга оширилади.
 
Шунинг учун айни пайтда мактабларга пулли қабул ҳақида ҳеч қандай гап йўқ! Шу сабабли ортиқча эҳтиросга берилмасликни, «престижный» мактабга болангизни жойлаштириш учун таниш-билиш ёки пул қидирмасликни тавсия этаман.
 
Бирор тушунмовчилик бўлса, уни мактаб маъмурияти ёки туман таълим бўлими вакиллари билан маслаҳатлашиб ҳал қилишга ҳаракат қилган маъқул, интернет орқали турли хил «ҳайплар»га берилмасдан, – деб ёзади вазир.
 
Унинг маълум қилишича, Президент Тошкент шаҳридаги мактаблар аҳволини яхшилаш учун бу йил қўшимча 400 млрд сўм ва кейинги йил яна шунча ажратиш бўйича топшириқ берган. Ундан аввал Сергелида янги қурилаётган даҳаларда 4та янги 1580 ўринли мактабларни қуриш бўйича 100 млрд сўм қўшимча ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган эди. Шавкат Миромоновичдан аввалги даврда, Тошкентда мактаблар асосан ёпилган экан. Сабаби асосий эътибор коллежларга бўлган. Шу вақтгача 23 та мактаб ёпилиб, бошқа ташкилотларга бериб юборилган. 
 
 
Тошкентдаги қайси мактаблар биринчи навбатда таъмирга муҳтож эканлигини изоҳларда расмлар билан қолдирсангиз бизга ёрдам бўлади. Мутахассислар рўйхатлар тайёрлашган, лекин уларни ҳам яна бир бор текшириб олинса фойдадан холи эмас. Расмлар «аввалги» ва «ҳозирги» ҳолат учун келгусида фойдаланишга ҳам қўл келади, албатта, – қўшимча қилади Шерматов.
 
Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2019 йил 7 июндаги қарори билан Тошкентдаги 81та мактабда 1-синфга қабул учун  тажриба сифатида янги тизим жорий қилинмоқда. Унга кўра бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланган.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *