Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди

окт 11 / 2016

alt

Ўзбекистон Республикаси Президенти в.б., Бош вазир Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 11 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафарини Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади, деб хабар беради ЎзА.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев божхона терминали ҳам бўлган "Termez Cargo Сentre" халқаро логистика маркази ва бу ерда ташкил этилган автокемпинг фаолияти билан танишди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирида бўлиб, давлатимиз сарҳадларини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар учун шароитларни бунданда яхшилаш зарурлигини қайд этди.

Мутахассислар Термиз шаҳри мавзеларидан бирида кам таъминланган ва ёш оилалар учун яқин йилларда қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли замонавий уйлар лойиҳалари билан таништирди.

Қишлоқ жойларда кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган якка тартибдаги замонавий, ихчам уй-жойлар лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. 

Бу объектларнинг барчаси сифатли ва ўз вақтида қурилиб, фойдаланишга топширилиши лозимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев қурилиши давом этаётган "Амударё соҳили" спорт-соғломлаштириш мажмуаси объектлари, Термиз туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган янги "Gold dried fruits export" масъулияти чекланган жамияти корхонасида ҳам бўлди.

Шавкат Мирзиёев Шеробод туманида йирик цемент заводи қурилишини бориб кўрди ва шу ернинг ўзида вилоят марказида қурилиши режалаштирилаётган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводи лойиҳаси муҳокама қилинди. Бундай корхоналарни барча шаҳар ва туманларда барпо этиш зарурлиги таъкидланди. 

Вилоят фаоллари билан учрашувда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, истиқболли янги саноат объектларини барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. 

Шеробод тумани мисолида вилоятни истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастури кўриб чиқилди.

Йиғилишда уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги, вилоят саноати ва иқтисодиётининг бошқа соҳалари узлуксиз ишлашини таъминлаш, пахта ҳосилини қисқа муддатда йиғиштириб олиш, кузги экинларни экиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram каналида ҳам кузатиб боринг. Каналга ўтиш:https://telegram.me/uz24news_uz

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *