Саид-Абдулазиз Юсупов ўзи раҳбарлик қилган фонд учун ажратилган 270 млн сўмни ўзлаштиришда гумон қилинмоқда

июн 18 / 2019

Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан у раҳбарлик қилган Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг 270 миллион сўм пул маблағларини ўзлаштириш айби илгари сурилмоқда. Бу ҳақда 17 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган журналистлар билан мулоқотда Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев маълум қилди.
 
Юсупов Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2018 йил 26 августдаги ҳукмига кўра, 2014 йилнинг июнь ойида фуқаро Канязовага ўзини Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати — таҳр.) ходимиман, деб таништириб, унга Туркиядан тиббиёт жиҳозларини етказиб беришини айтиб, 240 миллион сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги учун судланган. Ҳозирги тергов жараёнида мана шу ҳолат билан боғлиқ янги тафсилотлар аниқланди.
 
Ушбу жиноят бўйича етказилган 240 миллион сўм зарарни қоплаш учун, мансабини суиистеъмол қилиб, ўзи раҳбарлик қилиб турган Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига аниқ мақсадлар учун ва оммавий ахборот воситалари соҳаси ходимларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 270 миллион сўм пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб, шу маблағларни турли хўжалик юритувчи субъектларга ўтказиш орқали, судланаётган иш бўйича зарарни қоплашга йўналтирган.
 
Ҳозирда фонднинг молиявий фаолияти бўйича тафтиш ўтказилмоқда.
Тергов давомида аниқланишича, 2013-2017 йилларда С.Юсупов ўзини ўш пайтдаги МХХ ходими сифатида таништириб, жами 6 нафар фуқаронинг ишончига кирган. Жами 160 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бош прокуратура вакилларига кўра, ушбу жиноят иши доирасида барча айбдор шахслар жавобгарлиги қонуний ҳал этилади, деб ёзади "Дарё".
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *