"Новостройка"дан сотиб олганларга Тошкент пропискаси берилишида чекловлар борми?

апр 15 / 2019

alt

Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худаойбердиев ўзининг Телеграм каналида фуқаролардан бирининг Тошкент шаҳрига доимий прописка қилинишида дуч келаётган муаммолари тўғрисида пост қолдирди. 
 
Фуқаронинг ҳуқуқшуносга йўллаган мурожаат хати мазмуни қуйидагича:
Яшнобод туманидан янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирини отам ва онамнинг номига олдик, кейин ота-онамни 1-банд билан пропискага қўйдик, лекин оилали фарзандларини пропискага қўйишга рад этди. Нимага асосан рад этаётганини сўрасак 527-сонли қарорга асосан деди паспорт стол бошлиғи. Ўша 527-сонли қарорни lex.uz дан олиб кўрсатдик началъникга, У гапни роса олиб қочди ва бизда бор, новостройкадан сотиб олганлар оилали фарзандларини прописка қилишда чеклов бор деди. ИЧКИ НИЗОМНИ бизга кўрсатишни сўрасак, фуқарога кўрсатилмаслигини айтди.
Мурожаатимизга ёзма жавоб берилган, уни илова қилиб сизга жўнатяпман. (Биринчи файлда мухр йўқ нусхаси бу)
Сиз нима дейсиз, маслахат беринг
alt
 
Бу даражада қонунларга тупуриб қўйишга қандай ҳадди сиғишаётган экан, шунга ҳайронман, деб ёзади блогер. Унинг қайд этишича, аслида қонунчиликда бундай тақиқ йўқ:
Эътибор беринг, рад қилиш ҳақида 2 та жавоб хати бор. 1-сида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 413- ва 527-сонли қарорларига кўра, 1-банд билан пропискага кирганларнинг оиласи бор фарзандлари прописка қилинмайди, дейилган. Бу каби жавоб хатлари қонунларнинг устидан очиқчасига кулиш.
Қуйида ҳуқуқшуноснинг фикрларини тўлиғича ўқишингиз мумкин:
— Паспорт столдагиларни айблашдан йироқман. Чунки калаванинг учи тўппа-тўғри Ички ишлар вазирлигига бориб тақалашини ушбу хатлардан кўриш мумкин. Унда айтиладики, 14.12.2017 йилдаги вазирликнинг 22/25297-сонли кўрсатмасида янги уй сотиб олганларнинг оиласи бор фарзандлари прописка қилинмаслиги айтилган экан. Анаааа. Балиқ бошидан деганлари шу бўлса керак.
 
Хўп, айтишингиз мумкин, балки ростдан ҳам қонунчиликда мумкинмасдир, кимсан Ички ишлар вазирлиги соҳага оид қарорларни билмаслиги кулгили-ку, дея. Унда келинг, биргаликда муҳокама қиламиз.
 
ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сонли қарорининг 7-1-бандини ўқиймиз:
 
«Рўйхатнинг 1 ва 8-бандлари асосида Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Рўйхатнинг 2-банди асосида доимий прописка қилинадилар»
 
Энди эса 7-2-бандини ўқиймиз:
 
«Рўйхатнинг 5-банди асосида доимий прописка қилинадиган фуқароларнинг олдинги никоҳидан ёки никоҳсиз туғилган фарзандлари (ўз оиласига эга бўлмаган) Рўйхатнинг 2-банди бўйича доимий прописка қилинадилар»
 
Хўш, соғлом ақл билан айтингчи, «ўз оиласига эга бўлмаган» деган талаб қайси бандга тааллуқли экан? 5-бандга!
 
1-банд билан кирганларнинг қариндошлари ҳақида гап кетганда «ўз оиласига эга бўлмаган» деган талаб қўйилганми? Йўқ! Йўқ! Ва яна йўқ!
 
Буни вазирликдагилар билмайди дейсизми? Жуда яхши билишади, чунки тизимда жуда кучли ҳуқуқшунослар ишлайди. Аммо шуниси алам қилади-да! Яъни била туриб, ўзини билмасликка олишлари. Билмасдан қилса, хатосини тезда тан олиши мумкин, лекин била туриб қилса, тан олдириб бўпсиз!
 
Нимага қонунларимиз бунчалар оёқости бўляпти?
 
Нимага уялмасдан, халққа бундай ноқонуний жавобларни беришмоқда?
 
Интернетда #суришкерак деган гапларни кўриб қолсак, уларни ватанпарвар эмасликда айблаймиз. Унда ватанпарварлар кимлар? Қонун ва ҳукумат қарорларини тан олмайдиганларми? Аслида бутун вужуди ва борлиғи билан халққа хизмат қилиши керак бўлган, лекин ноқонуний тақиқлари билан халқни қийнаётганларми? Шуми ватанпарварлик?!
 
Бўлди, тўхтадим.
UZ24 воқеалар ривожини кузатишда давом этади
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *