Наманганда ўқитувчилар мажбуран бетон қуйишга чиқарилган. Халқ таълими вазирлиги ҳолатни ўрганмоқда

июл 03 / 2019
 
Куни кеча интернет нашрларида Наманган вилояти Косонсой туманида жойлашган 54 та мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилгани тўғрисида хабар тарқалди. 29 июнь куни ўқитувчилар мазкур тумандаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида бетон қуйишган. Ҳар бир мактаб учун мазкур қурилишдан 10 метрдан жой ажратилган. Қайси мактаб қаерда ишлаши рақам билан белгилаб қўйилган. Қурилиш анҳор бўйида жойлашгани учун хавфсизлик чоралари кўрилмаган. Мазкур қурилишларга ўқитувчилар мажбуран, ҳар хил дўқ-пўписалар билан олиб чиқилган.
 
Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолат бўйича текширув бошланганини маълум қилди.
 
Вазирнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари мазкур хабарларни ўрганиб чиқади ва қонунчилик доирасида ушбу вазиятга йўл қўйганларга чора кўради.
 
Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг шикоятларини қабул қилувчи виртуал инспекторни ишга туширган. Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин, дейилади вазирлик ахборотида.
 
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *