Мақсад – жиноятдан холи ҳудудларни кўпайтириш

мая 15 / 2019

alt

Ички ишлар вазирлигининг малака ошириш институти Термиз шаҳри ва туманлар ички ишлар органлари навбатчилик қисми инспекторлари, жиноят қидирув бўлими, бўлинма ва гуруҳлар бошлиқлари ҳамда профилактика инспекторлари учун сайёр ўқув йиғини ташкил этди.

Ички ишлар Вазирлигининг Сурхондарё вилояти академик лицейидаги малака ошириш институти филиалида ўтказилаётган ўқувда соҳа ходимлари хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда касбий билим, маҳорат ва кўникмаларини оширмоқда. Тизимга оид янгиликлар билан танишаётир.

Ўқув машғулотларида жалб қилинган ходимларнинг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси, “Хавфсиз шаҳар” концепциясини амалиётга татбиқ этиш, профилактика инспекторларининг виктимологик профилактик фаолияти, тезкор ва профилактик ҳисоблар ва уларни такомиллаштириш бўйича чуқур билим берилмоқда. Ахборот-технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятлар ва “Интернет” тармоғи орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни ташкиллаштириш ва бу борадаги муаммоларни бартараф этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, шунингдек навбатчилик қисми фаолиятини тўғри ташкил этиш йўналишидаги долзарб масалалар юзасидан билими ва амалий маҳорати оширилаётир.

Дарслар инновацион педагогик технологияларни қўллаган ҳолда интерфаол усуллар асосида ўтказилмоқда. Бу жараёнда соҳада дуч келинаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар берилмоқда. 

– Институтнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоят ИИБнинг тажрибали ходимлари томонидан ўтказилаётган машғулотларда хизмат фаолиятимиз бўйича ҳуқуқий, касбий тайёргарлигимизни янада оширяпмиз, – дейди Шеробод туманидаги 79- таянч пункти профилактика катта инспектори, капитан Р.Худайқулов. – Бу бизнинг кенг жамоатчилик билан хизматни сифатли ташкил этишимизда муҳим ўрин тутади. Ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга кўмаклашади. Ҳудудимизда 7 минг 700 дан ортиқ фуқаро яшайди. Жорий йилнинг ўтган даврида иккита жиноят содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан учтага камайди. Бу ўқувлар келгусида маҳаллаларимизни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантиришда муҳим омил бўлади.

Сайёр ўқув йиғини якунида тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилади.

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *