Маҳмуд Ражабовнинг уйи тинтув қилиниши ва "Пайғамбарлар тарихи" китобининг олиб қўйилиши бўйича расмий баёнот берилди

мая 15 / 2019

Похожее изображение

Ижтимоий тармоқларда  “Тинтув қилинган Махмуд Ражабнинг уйидан “Пайғамбарлар тарихи” китоби олиб кетилди” сарлавҳаси билан тарқатилган хабарлар юзасидан ИИВ баёнот берди.
 
Тергов департаменти томонидан ўрганиб чиқилиб, маълум қилинишича, 26 март куни И.Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига “Истанбул-Тошкент” йўналишидаги авиарейс билан Ўзбекистон Республикасига келган Ражабов Махмуд Каримовичнинг қора рангли сумкаси божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, ундан божхона кўригида тақдим этилмаган жами 26 дона китоблар ҳамда бир дона “Mi 5+” русумли уяли телефон аппарати хотирасида диний мазмундаги, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар (видео, аудио ёзувлар ва электрон китоблар) борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан 30 апрель куни “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.
 
Бош прокуратуранинг 8 майдаги кўрсатмасига асосан жиноят иши бўйича дастлабки терговни ўтказиш Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юклатилган.
 
Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, Жиноят процессуал кодексининг 158-161, 163-моддалари тартибида, Хоразм вилоят прокуратураси санкцияси (рухсати) билан 10 майда М.Ражабовнинг Гурлан тумани, “Бирлашган” қишлоғида жойлашган хонадони ва ёрдамчи хўжаликларида вилоят ва туман ИИБ ходимлари, холислар, шунингдек, “Шанғи” маҳалла фуқаролари йиғини фаоллари иштирокида тинтув тергов ҳаракати ўтказилган.
 
Тинтув давомида М.Ражабовнинг хонадонидан уяли телефон, ноутбук, дисклар, 3 дона Туркия давлатида чоп қилинган (шу жумладан, «Пайғамбарлар тарихи») диний мазмундаги китоблар ва бошқа ҳужжатлар ўрганиш учун олинган. Тинтув якунида гумон қилинувчи М.Раджапов баённомага имзо чекишдан бош тортган, бу ҳақда тинтув баённомасида кўрсатиб ўтилган.
 
Бундан ташқари, тинтув тергов ҳаракати Жиноят процессуал кодексининг 91-моддаси 4-қисми талабларига асосан тўлиқ видеоёзув воситасидан фойдаланган ҳолда қайд этилиб, тинтув баённомасига илова қилинган.
 
Шунингдек, тергов ҳаракатлари давомида М.Ражабовдан олинган ашёвий далиллар бўйича Жиноят процессуал кодексининг талаблари асосида тегишли (диншунослик, суд-сиёсатшунослик-лингвистик, компьютер-техник) экспертизалар тайинланган.
 
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти раҳбарияти томонидан назоратга олинган.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *