Каттақўрғонлик таҳқирланган аёлга суд ҳукми ўқилди

дек 20 / 2018

Жиноят ишлар бўйича Оқдарё туман судида каттақўрғонлик Н.Т.га нисбатан суд ҳукми ўқилди. 

Маълумот учун, Н.Т. 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили Санъат Умаров томонидан таҳқирланиб, ечинтирилгани акс этган видео жамоатчилик орасида катта резонанс келтириб чиқарганди. Шундан сўнг ИИБ ходими суд ҳукми билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Аёл Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми (Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) ва 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан амалга оширилган ўғрилик) билан айбланди.

Аввалги суд мажлисларида 30 сентябрь куни ўғирлатган телефонлари ва бошқа нарсаларини қайтариб олган ҳамда етказилган моддий зарарлари қопланган жабрланувчилар — Саодат Эгамбердиева, Сожида Бўриева, Мухлисахон Нарзуллаева судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдиришган.

Лекин, Н.Т. 16 сентябрь куни Наргиза Ҳасановага тегишли Samsung Galaxy J2 смартфони ҳамда 400.000 сўм пулни ўғирлаганидан тонаётган эди.

19 декабрь куни суд мазкур жиноят ишини кўришни якунлаб, ҳукм ўқиди.

Kun.uz хабар беришича, судда сўнгги сўз берилганида Н.Т. барча 4 эпизод бўйича айбига иқрор бўлиб, зарарларни қоплаганини, жабрланувчиларнинг бирор эътирози йўқлигини таъкидлаб, бундай ишларни бошқа қайтармаслигини айтган ва суддан енгиллик сўраган.

Судья И.Дониёров Н.Т. Жиноят кодексининг 169-моддаси, 3-қисмининг «а» банди билан, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йилу 6 ойга озодликдан чеклаш жазосини тайинлади. 

Н.Т.нинг вояга етмаган қизининг судда педагог ёрдамида берган кўрсатмаси, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатмаси билан Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми (Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) билан айблов қисми олиб ташланди.

Жиноят Кодексининг 60-, 61-моддаларига асосан, ЖИБ Иштихон туман судининг 2017 йил 11 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг шартлилиги бекор қилинди ва унинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан ҳукмлар мажмуи бўйича узил-кесил ўташ учун 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *