Икки афғон фуқаросини Ўзбекистондан депорт қилиш билан қўрқитиб, мол-мулкини олиб қўйган гуруҳ қўлга олинди

окт 09 / 2018

 

– 3 опа-сингил танишлари билан ўзаро тил бириктирган

– ИИБ ходими сифатида зўрлик ишлатиб, жабрланувчиларни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйишган

– Жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

alt

Термиз туманида товламачиликни касб қилиб олмоқчи бўлган шахслар гуруҳи қўлга олинди, деб хабар қилади ЎзА Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот гуруҳи раҳбари капитан Ф.Тошбоевга асосланиб. 

Термиз шаҳридаги Темир йўлчи маҳалласида яшовчи Лобар Соттиева Термиз тумани Кокилдор ота маҳалласида яшовчи опаси Учгул Қиёмова, шу маҳаллада яшовчи синглиси Зархол Суллаева ва шу маҳаллада яшовчи ишсиз Шокир Алламов ҳамда танишлари – Жарқўрғон тумани Соқчи маҳалласида яшовчи, ишсиз Зарбина Қорабоева, Термиз тумани М.Эштемиров номли маҳаллада яшовчи, ишсиз Ноқобил Суймасовлар билан бир гуруҳ бўлиб, товламачилик йўли билан ўзгалар мол-мулкини қўлга киритишни режалаштиради. Шу мақсадда тунги соат 22.00 да 26 ёшдаги Зархол Суллаева ҳамда 21 ёшдаги Зарбина Қорабоева Афғонистоннинг икки фуқаросини Учгул Қиёмованинг уйига олиб келиб, жинсий алоқада бўлаётганида Шокир Алламов ва Ноқобил Суймасов хонага кириб, ўзларини ИИБ ЖҚБ ходимлари, деб таништиради. 25 ёшдаги икки афғон фуқаросини Ўзбекистондан депорт қилиб чиқариб юборишини айтиб, қўрқитади. Зўрлик ишлатиб, жабрланувчиларни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўяди.

Шу йўл билан уларнинг биридан бир миллион сўмлик “PRIME” русумли уяли телефон аппаратини, бир дона сариқ рангли металдан ясалган 500 минг сўмлик эркаклар узугини, эллик минг сўм миқдордаги пулларини, иккинчисидан икки миллион сўмлик “SAMSUNG A-5” русумли уяли телефон аппаратини, уч юз минг сўм пули ва эллик минг сўмлик эркаклар ҳамёнини товламачилик йўли билан олиб, ўзларини уйдан чиқариб юборади. Кўрилган тезкор чоралар натижасида товламачилар гуруҳи ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *