Хоразмда ҳоким фермерларни ҳақорат қилиб, ўтирган стулини уларга қарата отди. Воқеа юзасидан изоҳ

мар 15 / 2019

alt

Ижтимоий тармоқларда ва интернет нашрларида Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокими Алишер Салаевнинг фермерларни ҳақорат қилиб, уларга ўтирган стулини отгани ҳақида хабар тарқалди. Таъкидланишича, ҳоким 11 март куни ўтказилган мажлисда фермерларни ҳақорат қилган ва «Саху диёри» фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Дўсметовнинг ўрнига мажлисга келган унинг 22 ёшли ўғли Дилшод Дўсметовга курсини отган, натижада курси унга келиб теккан ва синиб кетган.

Кун.уз нашри мухбири Гурлан ҳокими Алишер Салаев билан учрашиб, изоҳ олган. Саволларга жавоб бериш асносида ҳоким ўзи қилган ишларни яширмаган, аммо воқеалар ривожи бошқача бўлганини айтган.

“Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ўктам Қўчқоров Янгибозор туманида семинар-мажлис ўтказди. Унда Янгибозор туманидан барча фермерлар қатнашган бўлса, Гурлан туманидан 57 фермер бормади. Гурлан ҳокими сифатида бу ҳолатдан қаттиқ изза бўлдим. Мен ижро интизомига амал қиладиган, шунга ўрганган раҳбарман, қўл остимдагилардан ҳам шуни талаб қиламан.

 Шу куни соат 11:00 да тадбирга бормаган фермерларни чақириб, Гурлан тумани ҳокимлиги залида мажлис ўтказдим. Шу мажлисга ҳам 12 фермер кечикиб келди. Уларни саҳнада тургизиб қўйиб, танбеҳ берганим рост. Жаҳлим чиққанидан ўзим ўтирган курсини уларнинг устига эмас, минбардан пастга отганман. Курсини кўринг — бундай оғир курсини даст кўтариб, кимнингдир устига қарата отиб юбориш осонми? Бундан ташқари, бундай курси кимгадир бориб тегса, курсининг оёғи эмас, одамнинг бир жойи синади-ку?

Жаҳл устида қаттиқ гапирган бўлишим мумкин, ‘ҳаром’ деган сўзни ишлатдим, аммо ҳеч кимнинг шахсиятига тегадиган сўзлар, уят гаплар билан ҳақорат қилмадим», — дея изоҳ берган Алишер Салаев.

 «Саху диёри» фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Дўсметовдан бу воқеа юзасидан изоҳ олганида Ота мухбирга ҳокимдан хафа эмаслигини билдирган.

«Интернетда тарқалган хабарни ўқиб ҳайрон қолдим. Бу жуда бўрттирилган хабар. Бундан ташқари, кимдир ўғлимни жабрланувчи қилиб кўрсатибди. Билмадим, балки фермерлар ичида ёши кичик бўлгани учун шундай қилишгандир.

Ўғлим ўрнимга мажлисларда қатнашиб юради. Янгибозордаги тадбирга бормаган. Гурландаги йиғилишга эса кечикиб борган. Шундан сўнг ҳоким кечикиб борганлар қатори ўғлимни ҳам ўртага чиқариб, танбеҳ берган. Менимча, иш юзасидан раҳбар ва ходим ўртасида бўладиган гаплар. ‘Курсини ўғлимнинг устига отди, курси синиб кетди’, деб ёзишибди. Ундай бўлмаган. Ўтирган курсисини саҳнадан пастга отган, қарсиллаб полга тушган, буни овозидан ҳам сезиш мумкин. Афсуски, бу воқеа жуда бўрттирилибди.

13 март куни вилоят прокуратураси ўғлимни чақирди, текширув ўтказишаётган экан. Бирга бордим. Бўлган воқеа ҳақида сўрашди, шу гапларни уларга ҳам айтиб берди. Ҳеч ким бизга дўқ урмади, босим ҳам ўтказилмади. Тўғриси, бу воқеа жуда ҳам бўрттирилишидан таажжубдамиз», — дейди Шуҳрат Дўсметов.

Айни пайтда бош прокуратура воқеа юзасидан текширувларни давом эттирмоқда.

Маълумот учун, Алишер Салаев 2018 йилнинг декабрида, Президентнинг Хоразм вилоятига ташрифидан кейин Гурлан туманини 2012 йилдан буён бошқариб келган Қаҳрамон Мадраҳимов ўрнига ҳоким этиб тайинланган. У муқаддам Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат инспекцияси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *