"Ўзэкспомарказ"да Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бошланди

окт 12 / 2016

alt
12 октябрь куни Халқаро пахта уюшмаси, Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита, "Cotton Outlook" халқаро ахборот агентлиги ва Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси сингари ташкилотлар билан ҳамкорликда Тошкентда‚ Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иш бошлади.‚ 

ЎзА маълум қилишича, бу йил анжуманда 40 дан зиёд давлатдан вакиллар қатнашмоқда.

Ярмарканинг асосий воқеалари "Ўзэкспомарказ" махсус павильонида ўтмоқда. Павильонда тармоққа оид барча маълумотни қамраб олган ахборот стендлари ўрнатилган. Анжуман қатнашчилари бу йил мамлакатимиз пахта заводларида ишлаб чиқарилган 650 туркум толанинг намуналари билан танишиш ва сифат жиҳатидан ўз эҳтиёжларига мос тойларни танлаб олиш имконига эга.‚ 
Бу йилги халқаро ярмарка доирасида, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, "Пахта саноатининг ривожланиши ва жаҳон бозорида ўзбек пахта толаси рақобатбардошлигини ошириш истиқболлари", "Тўқимачилик тармоғининг рақобатбардошлигини ошириш - экспорт имкониятлари ортишининг муҳим омили", "Пахта ва тўқимачилик тармоқларида илмий ва технологик янгиликлар" каби мавзуларда учта секцияга бўлинган ҳолда ўзаро мулоқотлар ўтказилмоқда.‚ 

Ярмарка доирасида иштирокчилар "Тошкент-тола" пахта терминали, Тошкент вилоятидаги "Ўзбекистон" пахтани қайта ишлаш заводи, "UzteksChirchiq" қўшма корхонасида бўлиб, мамлакатимиз пахтачилик секторида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самаралари билан танишиш имкониятига эга бўлади. Енгил саноат салоҳияти, жумладан, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турфа либослар намойиши ҳам режалаштирилган.‚ 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram каналида ҳам кузатиб боринг. Каналга ўтиш:‚ https://telegram.me/uz24news_uz

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *