Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида яшаётган ёш рассомлар ўртасида махсус танлов ўтказилди

июн 19 / 2018

alt

18 июнь куни “Ёшлар ижод саройи”да Республика ёшлар марказининг ҳудудий бўлинмаларидаги “Тасвирий санъат” тўгаракларига аъзо ёшлар ўртасида “Юртим ёшлар ҳаёти” республика танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Кўрик-танлов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти ҳамкорлигида республикамизнинг чекка ҳудудларида яшаётган иқтидорли ёшларни топиш, уларнинг истеъдод ва маҳоратларини юзага чиқариш, маънавий оламини бойитиш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларига бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда энг яхши ижодий ишлар кўргазмаларини ташкил этиш мақсадида ўтказилди.

Танловнинг қуйи босқичлари жорий йилнинг 2-18 июнь кунлари Республика ёшлар маркази ҳудудий бўлинмалари ҳамда меҳрибонлик уйларида ташкил этилган “Тасвирий санъат” тўгараклари аъзолари ўртасида икки ёш тоифаси(10-14; 15-18)да бўлиб ўтди.

Финал босқичида ҳудудлардан ғолиб деб топилган 28 нафар ёш иккита шарт асосида беллашди. Биринчи шартда ёш мўйқалам эгалари тасвирий санъатнинг турли йўналишларида чизган ижодий ишларини олдиндан тақдим этишди.

Бу орада танловнинг финал босқичини томоша қилиш мақсадида ташриф буюрган иштирокчилар учун Ёшлар марказларининг тўгарак аъзолари ҳамда эстрада юлдузлари иштирокида байрамона дастур ташкил этилди. 

Танловнинг 10-14 ёш тоифасида биринчи ўринни Тошкент вилоятидан Олимжон Абдуқаюмов қўлга киритди. Иккинчи ўрин хоразмлик Маржона Галдиева ва учинчи ўрин Навоий вилоятидан Маржона Ҳамидоваларга насиб этди.

15-18 ёш тоифасида эса биринчи ўринни жиззахлик Нозимахон Олтмишова эгаллади. Иккинчи ўрин хоразмлик Шаҳноза Саидовага, ўчинчи ўрин Қашқадарйодан Муҳриддин Қурбоновга насиб этди.

Танлов сўнгида Республика ёшлар маркази томонидан ҳар икки ёш тоифасидаги барча ҳудудий босқич ғолибларига диплом ҳамда "Артел" мобил телефонлари берилди.

Бундан ташқари, республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритган ғолибларга диплом ва сўнгги русумдаги планшет, иккинчи-учинчи ўрин соҳибларига ҳам диплом ва рассомчилик анжомлари тақдим этилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг