Германияда "Mersedes-Benz" русумли автобуслардан узоғи билан 8 йил фойдаланилади. Биздачи?

окт 17 / 2018

– “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Германиянинг “Mersedes-Benz” компанияси мутахассисини таклиф этди

– “Mersedes-Benz” русумли автобуслар билан содир бўлган ёнғинлар кенг муҳокама этилди

alt

Бир неча йиллардан буён жамоат транспорти, хусусан, автобуслар билан боғлиқ кўнгилсизликлар, айниқса, уларда келиб чиқаётган ёнғинлар кенг жамоатчилик ўртасида кўплаб мунозара ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти томонидан айнан ёнғин келиб чиқаётган 2008-2009 йилларда ишлаб чиқарилган “Мерседес-бенс” русумли автобусларни чуқурлаштирилган тартибда техник кўрикдан ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизматининг хабарига кўра, ушбу қарор асосида жамият таркибидаги барча автосарой ва таъмирлаш корхоналарида жадал иш олиб борилмоқда. Аниқланган носозликлар бартараф этилмоқда, соз ҳолга келтирилган автобуслар йўналишларга чиқарилмоқда.

Келгусида яна ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, бунга сабаб бўлаётган омилларга яна бир карра аниқлик киритиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти Германиянинг “Mersedes-Benz” компанияси мутахассисини таклиф этди. Жорий йил 16 октябрь куни компания менежери Макс Киршенхофер билан учрашув бўлиб ўтди. Унда бугун пойтахт кўчаларида қатнаётган “Mersedes-Benz” русумли автобусларнинг техник ҳолати, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари ва албатта, сўнгги пайтларда ушбу транспорт воситалари билан содир бўлган ёнғинлар кенг муҳокама этилди.

Жамият раҳбарияти ҳамда сервис корхонаси вакиллари иштирок этган мазкур учрашувда немис мутахассиси “Mersedes-Benz” автобусларининг техник хусусиятлари ҳақида фикр билдириб, бугун ёнғин чиқаётган автобуслар тасарруф муддатини ўтаб бўлганини, бошқа давлатлар, хусусан, Германияда бу каби автобуслардан кўпи билан 8 йил фойдаланилишини қайд этди. Бундан буён асосий саъй-ҳаракатлар ва харажатларни кейинги босқичда келтирилган, яъни, 2012-2013 йилларда ишлаб чиқарилган автобусларга ҳамда ҳаракат таркибини янгилашга йўналтириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бундан буён ҳам йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш йўлида барча имкониятларни ишга солади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *