Энг намунали мактаб сардорлари аниқланди

мар 15 / 2019

alt

“Обод қишлоқ” дастури асосида чўлдан обод гўшага айланган Мирзачўл туманида “Энг намунали мактаб сардорлар Кенгаши” кўрик-танловининг Жиззах вилоят босқичи ўтказилди. Танлов “Камалак” болалалар ташкилоти томонидан ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш, Сардорлар Кенгаши томонидан олиб борилаётган ижтимоий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва келажакда уларнинг мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган етук кадр бўлиб етишларига кўмаклашиш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

Мирзачўл туманида “Ўзбек-қозоқ миллий маркази”да бўлиб ўтган кўрик-танловда вилоятнинг барча туман-шаҳарларидан ташриф буюрган 13 жамоа баҳслашди. Танловда жамоалар “Бу бизнинг фаолият”, “Бизнинг имкониятларимиз!”, “Интеллектуал ринг” шартлари бўйича беллашди. Бунда мактаб сардорлар кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш, тажриба алмашиш, етакчилик ва ташаббускорлик қобилиятини намоён этиш, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

“Бу бизнинг фаолият” дея номланган илк шартга кўра, жамоалар кейинги ўқув йилида амалга оширмоқчи бўлган лойиҳалари ва фаолиятларини бадиий чиқишлар орқали таништиришди. “Бизнинг имкониятларимиз” деб номланган иккинчи шартга кўра, иштирокчи жамоалар болалар орасида мавжуд муаммоларга ечимни ўз янги лойиҳалари билан топишлари лозим эди. Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зафаробод, Арнасой, Янгиобод туманлари ҳамда Жиззах шаҳри сардорларининг ижтимоий лойиҳасида айни бугунги кун муаммолари кўтарилгани, ижтимоий аҳамияти жиҳатидан болалар муаммоларини ҳал қилишга қаратилгани билан эътиборга сазовор бўлди.

“Интеллектуал ринг” шартида иштирокчи жамоаларнинг ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий билимлари синовдан ўтказилди. Бунга кўра, улар ҳакамлар томонидан тақдим этилган 10 та саволга жавоб беришди. Шартга ақлий баркамоллик билан киришган жамоалар билими юқори баҳоланди. Янгиобод, Зарбдор туман сардорлар Кенгаши бу шартда илғорликни қўлдан бермади.

— Бугунги танловга пухта таййргарлик кўриб келган эдик, — дейди Зафаробод туманининг мактаб сардорлари. — Дастлабки икки шартда энг юқори баллни қўлга киритдик. Савол-жавобларда бироз шошганимизданми, бир жавоб устида тўхталмаганимизданми, Ғаллаорол тумани жамоасидан ортда қолдик. Кейинги йилда, албатта, ғолиб бўламиз. Бугунги мағлубият биз учун тажриба мактаби бўлди.

Қизғин баҳс-мунозара остида ўтган кўрик-танловда Ғаллаорол тумани 16-умумий ўрта таълим мактаби сардорлари 1-ўринни қўлга киритиб, кўрик-танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.   

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *