Бухоро вилоят ИИВ: Қамоқхона хизматчиси, қидирувда бўлган Корея фуқароси, ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи

апр 08 / 2019

alt

Қамоқхона хизматчисини пора эвазига оғдирмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди

2019 йил 28 март куни соат 15:00 ларда Самарқанд шаҳри яшовчилар, 1991 йилда туғилган, “Қомус” адвокатлик фирмасида иш юритувчиси У.А. ва якка тартибда ишловчи, 1996 йилда туғилган Д.В. (аёл)лар бир гуруҳ бўлиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, танишлари, қотиллик ва босқинчилик жиноятлари учун ҳозирги кунда Бухоро вилоятидаги жазони ижро этиш калониясида жазо ўтаётган маҳкум Д.Б. билан “узоқ муддатли” учрашувга кириш учун шароит яратиб бериш эвазига ушбу муассасада хизмат олиб борувчи Қоровул қўшинлари назоратчи ходими Б.Қ.га 100 АҚШ доллари пулларни пора сифатида бераётганида ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан ушланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 213-моддаси 3-қисми (хизматчини пора бериш эвазига оғдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда қидирувда бўлган Корея фуқароси қўлга олинди

ЖКнинг 168-моддаси 3-қисмида кўрсатилган (фирибгарлик) жиноятни содир қилиб, тергов органларидан яшириниб юрганлиги учун, 2019 йил февраль ойидан буён Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан қидирувда бўлган, Жанубий Корея фуқароси Лее Йонгкеун ўтказилган қидирув тадбирлари натижасида Ўзбекистонга келиши таъминланиб, Тошкент шаҳридаги И.Каримов халқаро аэропортида қўлга олинди. Ҳозирда Бухоро вилоят ИИБ 4-сон Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳрида қидирувда бўлган фирибгар ушланди

ЖКнинг 168-моддаси 3-қисмида кўрсатилган фирибгарлик жиноятини содир қилиб, тергов органларидан яшириниб юрганлиги учун Тошкент шаҳар Чилонзор туман ИИБ томонидан 2018 йилнинг 5 апрель кунидан буён қидирувда бўлган, Бухоро шаҳар Халқобод кўчаси 69-уйда яшовчи, 1985 йилда туғилган Ўрунов Шерзод Замонович олиб борилган қидирув тадбирлари давомида Россия Федерацияси Москва шаҳрида яшириниб юрган жойи аниқланиб, ушланди ва Ўзбекистон Республикасига депортация қилиниб, вилоят ИИБ 4-Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Пиёданинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми чиқарилди

Судланувчи Р.Ш. 2018 йил 27 декабрь куни соат 23:30 ларда ўзининг бошқарувидаги “Дамас” русумли 80 В 255 МА давлат рақам белгили автомашинани Бухоро шаҳар ҳудудидан ўтувчи 4Р-71А-сонли автомобил йўлида, Бухоро шаҳар томондан Когон туман “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини томон бошқариб бораётиб, транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхтатишни таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавфсиз айланиб ўтиш чораларини кўриши шартлигига амал қилмасдан, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ҳаракат йўналиши бўйича йўлни ўнг томондан чап томонга пиёда кесиб ўтаётган Т.З. исмли фуқарони автомашинасининг олд қисми билан уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисасини содир қилган ва натижада пиёда З.Т. ҳодиса жойида вафот этган.

Судланувчи Р.Ш. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг ҳукмига Р.Ш.га нисбатан ЖКнинг 266 моддаси 2-қисми билан иш ҳақининг 30 (ўттиз) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ҳолда ЖКнинг 45-моддасига асосан икки йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *