Бош прокуратура: «Қодиров иши» доирасида ҳибсга олинган мансабдор шахслар тергов давомида қийноқларга солинмаган

апр 22 / 2019

alt

2019 йил 18 апрель куни интернет тармоқларида «Қодиров иши» доирасида ҳибсга олинган мансабдор шахслар тергов давомида қийноқлар ҳақида хабар берди» номли мақола эълон қилинди.

Мақолада айбланувчилар У.Суннатов ва У.Хуррамовга нисбатан жисмоний ва психологик зўравонлик, қўпол муносабатда бўлингани қайд этилган.

Бош прокуратура томонидан Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов олиб борилган ҳамда 13 нафар шахсга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олиш, шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этиш бўйича айб эълон қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмат хабар қилди.

Дастлабки тергов Жиноят-процессуал кодексининг қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилган, айбланувчилар ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан ҳеч қандай қийноқлар ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаган.

Айбланувчилар У.Суннатов ва У.Хуррамов уларга қўйилган айбловларни фақат қисман тан олган, бу эса уларга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва уларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолат.

Бундан ташқари, дастлабки тергов ва суд жараёнида барча айбланувчиларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббий муассасаларининг доимий тиббий кузатувида ва назорати остида бўлди.

Дастлаб жиноят ишини судда кўриш бошланганида судланувчилар У.Суннатов ва У.Хуррамов судда сўроқ қилиш жараёнида ўз кўрсатмаларида содир этилган жиноятларда айбдорлигини тан олиб, ўз қилмишларига амалда пушаймонлигини билдирди, аммо кейинчалик улар ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, уларга нисбатан қийноқ ва таҳдидлар қўллангани ҳақида хабар берди.

Қонунчиликка биноан, айбланувчи ва судланувчилар уларга нисбатан эълон қилинган айблов бўйича ҳар қандай позицияни эгаллаш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида, Бош прокуратура У.Суннатов ва У.Хуррамовнинг тергов давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланганлиги тўғрисидаги важларига жавобан аниқ позициясини билдириб, юқоридаги кўрсатмалар ҳақиқатга мос келмаслигини қатъий таъкидлайди.

Бугунги кунда Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмоқда ва Бош прокуратура жиноят ишида иштирок этиш учун жалб қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилишини кафолатлайди.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *