Андижонда аёл одам ўлдириб, унинг жасадини йўқ қилишда опасидан ёрдам сўради

апр 09 / 2019

alt

Куни кеча Андижонда кўпчиликни даҳшатга солган қотиллик юз берди, деб ёзмоқда ЎзА.

Марҳамат тумани, Гулистон маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган аёл О.О. жанжал туфайли мазкур туманнинг “Турон” маҳалласида яшовчи, икки фарзанднинг онаси А.Н.ни ғишт билан уриб ўлдирган.

Икки ёшли фарзанди бўлган, эндигина 23 ёшини қаршилаган ёш аёл қандай қилиб мудҳиш қотилликка қўл ургани ҳар қандай инсон қалбини ларзага солади. Бунга уни нима мажбур қилди?

Аслида О.О. аввалдан таниши бўлган А.Н.дан пул қарз олган. Ана шу қарзини сўраб келганда уларнинг ўрталарида жанжал келиб чиққан. Аҳвол шу даражага бориб етганки, О.О. ўз хонадонида ҳақдорни ғишт билан уриб ўлдирган.

Ушбу қотиллик билан боғлиқ жараённинг давоми янада даҳшатли тус олади.

О.О. Избоскан туманида яшовчи, кийим-кечаклар савдоси билан шуғулланувчи опаси М.О.ни ёрдамга чақиради. Опа-сингил қотилликни яшириб, жасадни кўрпага ўраб, товар олиб кетяпмиз, дея таксида Андижон туманидаги Истиқлол маҳалласида яшовчи оталарининг уйларига олиб келишади. Ўша пайтда отаси уйда бўлмаган, онаси эса касал ётган. Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, жасадни чеккадаги хонага яшириб қўйишади.

...Хитой давлатидаги олий ўқув юртида таҳсил олаётган ўғлига банк орқали пул юбориш мақсадида эрталаб чиқиб кетган, ёнида пул ва тилла тақинчоқлари бўлган А.Н. нинг ўша куни уйига қайтмагани, телефонига жавоб бермаётгани ҳақида унинг турмуш ўртоғи ички ишлар бўлимига хабар берган. Ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида аёлнинг жасади топилди.

Қотилликни яшириш, жасадни йўқ қилиш ниятидаги опа-сингиллар қўлга олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий иш очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *