"Аъло таътил" лойиҳаси якунланди

янв 11 / 2019

alt

Мамлакатимизнинг фаол, тиришқоқ ва аълочи ўқувчиларини Сурхондарёдаги “Халқаро ёшлар оромгоҳи”да бирлаштирган “Аъло таътил” лойиҳасига 10 январь куни якун ясалди. Ёшлар иттифоқи ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган лойиҳада республикада сараланган 192 аълочи ўқувчи иштирок этиб, мароқли таътил ўтказди.

Тақдирлаш маросими доирасида ўқувчи ёшлар ва ўз касбининг билимдон мутахассислари иштирокида “Аъло касбим” лойиҳаси бўлиб ўтди. Унда ёшлар учувчи, танкчи ва разведкачилар ҳамда моҳир журналистлар билан учрашди.

alt

— Бундай касб учрашувида биринчи бор иштирок этишим, — дейди “Dreamliner” капитани Улуғбек Ишмаҳмедов. — Бу учрашувда касбга йўналтирувчи янги платформа ишга тушди, деб айтишимиз мумкин. Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган мазкур платформа ёшларга турли касблар, уларнинг ютуқли ва масъулиятли томонлари ҳақида маълумот беради. Мен ҳам болаликдан “орзулар кемаси”ни бошқаришни орзу қилганман. Ҳамма учувчилар орзуси бўлган вазифа — Президентимиз сафарга учган самалётни бошқариш бахтига муяссар бўлганман. Бугунги учрашув иштирокчилари орасида учувчи бўлишни орзу қилаётган ёшлар борлигидан қувондим.

Учрашувда ўқувчилар моҳир касб эгаларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.

Лойиҳанинг тақдирлаш маросими ўқувчи-ёшлар учун дўстлик ва бирдамлик фестивалига айланди. Ҳар бир иштирокчи ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

alt

— Бу йилги қишки таътил ҳотирамда абадий сақланиб қолади, — дейди сирдарёлик Ёрқинжон Ҳайитбоев. — “Аъло таътил” лойиҳаси доирасида ўтказилган учрашувлар, маҳорат дарслари, маданий ҳордиқ ва турли саёҳатлар бизни бир куч бўлишга, биргаликда катта марраларни эгаллашга руҳлантирди. “Менинг ижод маҳсулим” медиа-фестивали эса кўплаб ижодкор ва янги ғояларга бой тенгдошларимни кашф қилиш ва ҳудудларда мактаб ўқувчилари ҳаёти билан танишишга имкон яратди. Юртимизнинг барча ўқувчиларини, тенгдошларимни бу чоракда ҳам аъло баҳоларга ўқиб, Ёшлар иттифоқи ҳаётида фаол иштирок этиб, баҳорги таътилда “Аъло таътил” лойиҳасида иштирок этишга чорлаб қоламан.

2019 йилнинг қишки таътилига мўлжалланган “Аъло таътил” лойиҳаси ўқувчи-ёшларни барча фанлардан аъло баҳоларга ўқишга, фаол ва ташаббускор бўлишга ундади.

Шоҳида Даманова

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *