Airbus A320nео лайнери Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига етиб келди

мар 12 / 2019

alt

Uzbekistan Airways авиапарк ривожланиш стратегияси ҳамда авиапаркларни модернизация қилиш дастурига мувофиқ жорий йилнинг биринчи чорагида иккита Airbus A320nео, 2019 йилнинг иккинчи ярмида эса яна иккита янги Boeing 787 Dreamliner самолётларини сотиб олишни режалаштирган эди, деб ёзади ЎзА.

Бугун Uzbekistan Airways парки иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги юқори бўлган биринчи Airbus A320nео самолёти билан тўлдирилди.

Ушбу лайнер икки классли компоновкада ишланган бўлиб, 150 йўловчини ташишга мўлжалланган. Янги самолёт ёқилғи тежамкорлигини таъминловчи CFМ International компаниясининг LEAP-1А двигателлари ва аэродинамик хусусиятларини янада яхшилаш имконини берувчи фюзеляж конструкциясидаги замонавий ишланмалар туфайли олдингиларига нисбатан 20 фоизга қулайдир.

Иқтисодий самарадорлиги юқори авиалайнернинг парвоз масофаси 4,5 мингдан 5 минг километргача узайтирилгани Uzbekistan Airways компаниясига бутун Марказий Европа бўйлаб қатновларни амалга ошириш имконини беради.

– Самолёт салонининг замонавий дизайни парвоз давомида йўловчиларга максимал қулайлик яратади, – дейди Uzbekistan Airways ахборот хизмати бошлиғи Феруза Қурбонова. – Қулай ва кенг ўриндиқлар, ҳар бир йўловчи учун мўлжалланган индивидуал кўнгилочар дастурли мониторлар, алоқа ва Wi-Fi тизими мавжуд. Шунингдек, самолёт саҳнида ҳаво софлигини сақлаш ва тўғри тақсимловчи мукаммаллаштирилган кондиционер тизими парвоздан ўзгача завқ беради. 2017 йилда 2 та Airbus A320nео самолётини етказиб бериш бўйича шартнома авиакомпания ривожланиш стратегияси ҳамда авиапаркларни модернизация қилиш ва янгилаш дастурига мувофиқ имзоланган эди. Жорий йил март ойининг охирида иккинчи самолётнинг келтирилиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Uzbekistan Airways авиакомпанияси замонавий самолётлардан иборат авиапаркка эга бўлиб, авиаташувчининг барча қатновлари дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари – Airbus ва Boeing компанияларининг самолётларида амалга оширилмоқда.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *