Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги АҚШнинг Cisco компанияси билан ҳамкорлик қилади

сен 19 / 2017

alt

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси АҚШнинг Калифорния штатидаги "Кремний водийси"да жойлашган Cisco компаниясининг бош қароргоҳида бўлди. Бу ерда компаниянинг стратегия, технология ва инновациялар бўйича вице-президенти Даг Вебстер билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилади вазирлик ахборот хизмати. 

Учрашув чоғида Cisco вакиллари компаниянинг жаҳон миқёсида иқтисодиётни рақамлаштириш, киберхавфсизлик бўйича ечимлари, "интернет буюмлар" (IoT) тенденциясига асосланган "ақлли" ва хафсиз шаҳар лойиҳалари юзасидан нуқтаи назарига оид тақдимот, шунингдек жамоавий ҳамкорлик ва мулоқотни ўрнатишга оид ИТ-таклифлари билан чиқиш қилдилар. 

Cisco ҳамда вазирлик ўртасида Ўзбекистонда хавфсиз ва "ақлли" шаҳарни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш йўналишида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Келишувлар натижасида имзоланган ҳужжатга кўра истиқболда қуйидаги соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни амалга ошириш белгилаб олинди: 

- "Ақлли шаҳар" ҳамда "интернет буюмлари" концепциясини ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашиш;

- Киберхавфсизлик йўналишидаги бошқарув амалиётини такомиллаштиришда ҳамкорлик қилиш;

- Ўзбекистонда ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш орқали мамлакатда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотларда иштирок этиш;

- Кенг полосали интернетга уланиш соҳасида қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашиш.

1984 йилда асос солинган Cisco компанияси тармоқли технологиялар, аҳоли ва муассасалар учун илғор мулоқот ва алоқа алмашиш платформаларини ишлаб чиқишда жаҳонда пешқадам ҳисобланади. Компаниянинг 2016 йилда технологиялар ва хизматларни сотишдан олган даромади 46 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *