8 март тонгги хабарлари

мар 08 / 2019

   alt

Айрим нашрлар Гулнора Каримованинг ўз жонига қасд қилганлиги ҳақида ёзишмоқда

Норасмий манбаларнинг Worldnews.uz ахборот агентлигига маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз жонига қасд қилган.

 «Халқ сўзи онлайн»нинг Бош прокуратура матбуот хизматига асосланиб хабар беришича,  «бу хабарларнинг ҳаммаси ёлғон, замонавий ахборот тилида айтганда, “фейк!”.

«Гулнора Каримованинг ўз жонига қасд қилгани масаласига келсак, маҳкума айни пайтда тинч ва хотиржам, ўзининг ўталмай қолган жазо муддатини умумий колонияда белгиланган тартибда ўтамоқда. Унинг ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқ, айни пайтда Гулнора Каримова соғ-саломат», — дейди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.

alt

«Ўзёғмойсаноат» уюшмаси​га раҳбар сайланди

6 март «Ўзёғмойсаноат»​ уюшмаси таъсисчиларининг умумий йиғилиши ташкил этилиб, Уюшма ижро аппаратининг тузилмаси тасдиқланган.​ Бу ҳақда kun.uz хабар бермоқда. 

Йиғилиши қарорига асосан Пардаев Ғуломназар Эшбоевич уюшма раиси вазифасини бажарувчи этиб сайланган.

​Маълумот учун: Ёғ-мой саноати тизимида 25 йиллик тажрибага эга​ Ғуломназар Пардаев 1976 йилда Боёвут туманида туғилган. У Тошкент кимё технология институти (1999 йил), Гулистон давлат университети (2008 йил) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактаби (2011 йил) битирувчиси ҳисобланади. 

alt

Марказий Банк раиси ўринбосари ишдан бўшатилди

Марказий банк Раиси ўринбосари Адҳам Рустамович Исломов ўз вазифасидан озод этилган.

1976 йил​ Тошкент шаҳри​да туғилган Адҳам Исломов 2018 йил январидан буён Марказий Банк раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У бундан аввал Ўзбекистон Президенти Девони ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш хизматининг бош консултанти сифатида фаолият кўрсатган.

Энди Исломовнинг ўрнини шу вақтга қадар «Ўзагросуғурта»​ раиси лавозимида ишлаб келаётган Саидқаҳҳор Холхўжаев эгаллайди.

alt

Ўткир тиғли олмос билан футболчиларга жароҳат етказган ўйинчи футболдан четлаштирилди 

Туркиянинг “Амадспор” клуби футболчиси Мансур Чалар “Сакаряспор” ўйинчиларига жароҳат етказгани учун умрбод футболдан четлаштирилган. 

Спортчи Туркия футбол федерацияси шиори остида ўтувчи мусобақалардан четлатилган. Шунингдек, у 25 минг турк лираси (4,6 минг доллар) жарима тўлайди. Унинг клубига жарима сифатида бир ўйинни томошабинларсиз ўтказиш белгиланган.  

Чалар Туркия чемпионатининг учинчи дивизиони учрашувида майдонга олмос билан тушган. Учрашув вақтида у олмосни бармоқлари орасига яширган ҳолда рақиб жамоа футболчиларига сездирмасдан жароҳат етказган. Учрашувдан кейин “Сакаряспор” полицияга мурожаат қилган. Чаларнинг ўзи эса майдонга олмос билан чиққанини рад этган.

alt

«Рома» бош мураббийни истеъфога чиқарди

«Рома» бош мураббийи Эусебио Ди Франческо истеъфога чиқарилган. Клуб раҳбарияти Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичида «Порту» тўсиғидан ўтолмаганидан сўнг, италиялик мутахассис билан хайрлашган.

Ди Франческо «Рома» клубига 2017 йил ёзида тайинланган. Айни пайтда жамоа А Серияда 44 очко билан 5-ўринда бормоқда.

alt

«Grand Pharm Trade» хорижий фармацевтика ишлаб чиқарувчиларининг қизиқишини забт этмоқда

Жорий йилнинг 26-28 февраль кунлари Москва шаҳрида ЕИИ ҳамда MДҲ мамлакатларининг 10-юбилей  Фармацевтика форуми бўлиб ўтди. Унда барча МДҲ давлатларидаги фармацевтика соҳасига оид масалалар, Ўзбекистон, Қозоғистон, Молдова, Беларус, Арманистон, Озарбойжон, Қирғизистон, Украина ва Грузия дори бозорининг тенденциялари муҳокама қилинган.

Соҳа профессионаллари ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Евроосиё иқтисодий комиссияси, МДҲ давлатлари регуляторлари  250 дан ортиқ дори препаратлари, бошқарувдаги сўнгги ўзгаришлар ва соҳанинг ривожланиш тенденцияларини муҳокама қилишди.

Маълумот учун: компания ҳозирги кунда республика бўйлаб кенг турдаги дори воситаларини арзон нархларда тақдим этиб келмоқда. 

alt

Об-ҳаво маълумотлари

Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 8 март куни Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 5-7, кундузи 17-19 даража илиқ бўлади. 

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 7-12 даража илиқ, Устюртда кечаси 5-10 даража совуқ, кундузи 3 даража совуқ, 2 даража илиқ, Хоразм вилоятида кечаси 3 даража совуқ, 2 даража илиқ, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади. 

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғиши мумкин. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Шамолнинг тезлиги айрим жойларда секундига 17-22 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 5-10, кундузи 17-22 даража илиқ, чўл ҳудудларида кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади. 

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсаётган шамол айрим жойларда секундига 17-22 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 3-8, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади. 

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсаётган шамол айрим жойларда секундига 17-22 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 7-12, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади. 

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-7, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади. 

Республикамизнинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Қор кўчиши хавфи бор. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 1-6 даража совуқ, кундузи 3-8 даража илиқ бўлади. 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *