6 март тонгги хабарлари

мар 06 / 2019

alt

ТЕЗКОР! БОШ ПРОКУРАТУРА АХБОРОТИ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Г.Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Иман Каримованинг яшаш жойи белгиланган.
 
Лекин маҳкума Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган. Хусусан, 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган, мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, Интернетдан фойдаланган.
 
Г. Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
 
Бошқа хабарлар:

Тошкентда “Оила энциклопедияси” ҳамда “Хотин-қизлар энциклопедияси” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

alt

5 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Оила энциклопедияси” ҳамда “Хотин-қизлар энциклопедияси” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг телеграмдаги канали орқали маълум қилинди.

Тадбирда янги қомусий мажмуалар “фаровон оила – фаровон жамият” концепциясига хизмат қилиши ҳақида таъкидлаб ўтилган. Қизлар учун “Қизлар китоби”, келинлар учун “Келиннома” каби энциклопедиялар яратилгани, ҳозир янги тайёрланган “Аёллар энциклопедияси” нашрга топширилгани, яқин кунларда босмахонадан чиқиши ҳақида маълумот берилди.

"Мўътабар аёл" кўкрак нишони ўзининг илк эгаларига топширилди

alt

5 мартда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган 290 нафар хотин-қизлар илк бор “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Президент фармони билан таъсис этилган мазкур кўкрак нишони билан тақдирлаш учун Республика комиссиясига 684 та ҳужжат тақдим этилган. Республика даражасидаги идора ва ташкилотлардан 103 та ҳужжат қабул қилиб олиниб, улар барча соҳаларда етакчи, матонатли, фидойи ва эътироф номига муносиб мўътабар аёллардир.

Кўкрак нишони билан мукофотланганларга энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида тўланадиган пул мукофоти топширилади.

Тошкентдаги халқаро аэропортда фоҳишаликка олиб кетаётган аёл қўлга олинди

alt

ИИВ матбуот хизматининг тарқатган маълумотларига кўра, 1 март куни Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан Тошкент шаҳри, И.Каримов номидаги халқаро аэропортда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 8000 АҚШ доллари ишлаб бериш шарти билан келишиб, бир нафар аёлни шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун олиб кетаётган аёл қўлга олинган. Фарғона вилоятида туғилган аёл муқаддам Жиноят кодексининг 135-моддаси, яъни одам савдоси жиноятни содир этганлиги учун судланган.

Туркияда футболчи устара тиғи билан стадионга тушди

alt

Тв.звезда нашрига кўра, ҳодиса “Амедспор” ва “Сакарьясор” клублари ўртасидаги матчда бўлиб ўтган. “Амедспор” ўйинчиси Мансур Чалар кафтига устара тиғини қистириб, майдонга тушган. Аввалига Чалар сездирмасдан ҳаракат қилган, аммо матчнинг қизғин палласида футболчилардан бирининг юзини жароҳатлаган. Сўнг аста-секин рақиб жамоа ўйинчиларининг танасини билдирмай кеса бошлаган. Бу эса ўйин тугаганидан сўнг маълум бўлган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Лос-Анжелесда Дэвид Бекхемга ҳайкал қўйилди

alt

Ҳайкални MLS “Лос-Анжелес Гэлакси” клуби қўйган. Англиялик футболчи ушбу клубда 2007 йилдан 2012 йилгача тўп сурган, икки маротаба  унинг иштирокидаги клуб MLS чемпиони бўлган.

Афғонистондаги кучли ёмғир ёғиши оқибатида 60 га яқин киши ҳалок бўлди

Охирги бир неча кун ёққан кучли ёмғир ва сув тошқини сабабли 60 га яқин одам ҳалок бўлган, 140 дан кўпроқ жароҳат олган. Бу ҳақда Афғонистоннинг табиий офатларни бартараф этиш бошқармаси давлат вазири Нажиб Ҳакимга таяниб, Tolo News телеканали маълум қилган. Қандаҳор, Забул ва Фараҳ вилоятларида минглаб жабрланган оилаларга шошилинч ёрдам кўрсатилган.

Ўзгидрометеорология Об-ҳаво маълумоти

Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 6 март куни Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-4, кундузи 13-15 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 3 даража совуқ, 2 даража илиқ, кундузи 8-13 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-7, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-7, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 3-8, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 0-5, кундузи 10-15 даража илиқ бўлади.

Республикамизнинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Қор кўчиши хавфи бор. Айрим жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 2-7 даража илиқ бўлади.​​

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб борин

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *