3 март тонгги хабарлари

мар 03 / 2019

alt

 

Қоҳирада юз берган тўқнашувнинг келиб чиқиш сабаби ошкор бўлди

ТАСС нашрининг маълумот беришича, Мисрдаги темир йўл вокзалидаги тўқнашув икки машинист ўртасида юзага келган келишмовчилик туфайли содир бўлган. Улар орани очиб олиш учун вагон кабинасини тарк этишган. Машинистлардан бири поезд двигателини ўчиришини унутган. Икки машинистнинг ишга нисбатан совуққонлик билан ёндошуви 50 нафар шахснинг катта-кичик даражадаги тан жароҳати олишига, 28 нафарининг бу ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган.

Тошкентдаги Фотосуратлар уйида “Аёл ва олам” фотокўргазмаси ташкил этилди

Тошкент Фотосуратлар уйида хитойлик таниқли фоторассом Лэй Тао хонимнинг “Аёл ва олам” деб номланган фотокўргазмаси очилиб, маросимга Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ҳам ташриф буюрган.  

Кўргазма “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, фотоасарлар юртимизда бўлиб турган Хитойнинг офтальмолог-шифокорлар делегацияси томонидан Тошкентда 2-8 март кунлари ўтказиладиган хайрия акциясининг 100 нафар аёл иштирокчиларига совға қилинади.

Покистон ва Ҳиндистонда давом этаётган совуқ урушда қурбонлар сони ортмоқда…

2019 йил 2 март шанба куни Ҳиндистон ва Покистон чегарасида икки давлат ҳарбийларининг навбатдаги қуролли тўқнашувлари юзага келган. Бунинг оқибатида уч нафар ҳиндистонлик ва бир нафар покистонлик ҳаётдан кўз юмган. Ўнлаб одамлар оғир жароҳатлар билан касалхонага олиб кетилган.

Хабарларга кўра, Покистон ҳарбийлари томонидан отилган снаряд чегара ортидаги уйлардан бирига бориб тушган. Покистон ҳукумат аъзоларидан бири Умар Аъзамнинг айтишича, Ҳиндистон ҳарбийлари оғир артиллерия ёрдамида покистонлик оддий фуқароларни ўққа тутмоқда.

Яна бир снаряд келиб тушиши натижасида бир нафар вояга етмаган ўсмир ҳалок бўлган, уч киши жароҳатланган. Ўнлаб уйлар вайронага айланган.

Тошкент аэропортида қўшмачилар ушланди

Республика ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, шу йилнинг 30 январь куни Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропорт ҳудудида икки қўшмачи қўлга олинган. Улар четга юбориладиган қизлар учун самолёт чиптаси сотиб олишган. Қизлар Истамбулга боргач, уларга фоҳишалик йўли билан пул топиб, чипталар ҳақини 1500 доллардан миқдорда қайтаришлари шарти қўйилган. Жиноятчилардан бири эркак киши бўлиб 36 ёшда, бири эса 34 ёшли аёл бўлган.

Юлдуз Турдиева альбом тақдимотини ўтказиш учун 50 млн сарфлади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева 28 февраль куни 50 млн сўмдан ортиқ маблағ сарфлаб, альбом тақдимотини ўтказган. Тақдимот пойтахтда жойлашган шинам меҳмонхонларнинг бирида бўлиб ўтган.  Маросимда ўзбек эстрадаси ва кино оламининг таниқли вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари меҳмон бўлган.

Юлдуз Турдиева мазкур кечада “Санъатдан бахтини топганлар”, “Ўзганча тановор”, “Севги”, “Мени унут”, “Самарқанд-у Бухоро”, “Гарабағ”, “Дарди ишқ”, “Оҳ кимга ёмон”, “Она, мен келдим дегин” каби қўшиқларни жонли ижрода куйлаган.  

Хонанда 2019 йилнинг куз ойларида ўзининг яккахон концерт дастурини тақдим этишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон ҳарбийлари тоғда қатор мураккаб машқларни бажарди

Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги ўқув машқлари марказида навбатдаги 45 кунлик ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилган.

Йиғиннинг 70-80 фоизи амалий машғулотлардан иборат бўлиб, ўта мураккаб машқлар реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда олиб борилган.

Машғулотлар давомида ҳарбий хизматчилар чанғи ва отиш тайёргарлиги, тоғли ҳудудда дарё, жарлик, қоялар ва шу каби тўсиқлардан ошиб ўтишда бир қатор усул ва услублардан фойдаланишган. Йиғин давомида улар табиий тоғ тўсиқларидан ўтиш машқини бажаришган.

Доналд Трамп ва Ким Чен Иннинг учрашуви муваффақиятсиз якунланди

​The Guardian нашри Ханойда ўтган АҚШ ва Шимолий Корея учрашувчи муваффақиятсизлик билан тугаганлигини маълум қилди.

Шимолий корея тарафи ўзига қўйилган иқтисодий чораларнинг олиб ташланишига умид билдирган. АҚШ томони бўлса, хусусан, Доналд Трампнинг дипломатик ғалабаси тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилишини истайди.

Шимолий Корея ярим оролни ядросиз ҳудудга айлантиришга рози, аммо бундай сиёсатга бир тарафлама қўл уришни истамайди. Ақш раҳбари эса Ким Чен Ин Шимолий Кореяга қаратилган иқтисодий жазо чоралари батамом бекор қилинишидан умидворлиги, аммо бу биргина унинг ваколатида эмаслигини таъкидлаган. Ўз навбатида, Шимолий Корея раҳбари иқтисодий жазо чораларининг юмшатилишини хоҳлашини айтган.

Низомхўжаев: абитуриентларнинг 55 фоизи мутахассислик фани​ бўйича 50 балл ҳам тўплай олмаган

Олий ўқув юртларига 2018 йилда тест синовларини топширган абитуриентлар тўплаган баллар таҳлил қилинган. Тест синовларини топширган 600 мингдан ортиқ абитуриентнинг 55 фоизи асосий мутахассислик фани (физика, кимё, математика, биология, география) бўйича 50 балл ҳам тўплай олмаган.   

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раиси ​Зайниддин Низомхўжаевнинг айтишича, ўқувчиларнинг ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардан бири – дарсликларнинг талаб даражасида яратилмаганлиги, давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари талаблари асосида ўқувчиларнинг ёши, ақлий, физиологик ва психологик ривожланиш даврига мувофиқ тайёрланишида қатор муаммолар сақланиб қолаётганлигидир.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *