23 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 23 / 2019

Янги қарор ва низом билан фуқаролар Тошкент шаҳрига 10 йилдан сўнг прописка қилиниши мумкин

alt

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевнинг қарори билан Тошкент шаҳрида 2017-2021 йилларда қурилган кўп қаватли уйлардаги турар жойларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

alt

Низомда Тошкент шаҳрида 2017-2021 йилларда қурилган кўп қаватли уйлардаги турар жойларни сотиб олиш ҳуқуқига эга талабгорлар тоифасидан бири сифатида Тошкент шаҳрида 10 йилдан кам бўлмаган даврда доимий рўйхатда (пропискада) турган бюджет ташкилотларидаги Давлат хизматчилари ва ишчилари кўрсатилган.

alt

Лойиҳа муҳокамаси бугун, 23 апрель куни  якунланади. Аввалроқ, пропискани қатъийлаштириш ҳақидаги қарор лойиҳаси муҳокамалар порталидан ўчирилганди.  

Филиппиндаги осмонўпар бино томидан  1000 тонна сув ерга оқиб тушди

alt

Филиппиннинг Манила шаҳрида содир бўлган ер силкиниши оқибатида осмонўпар бино томи устида қурилган ҳовуздан минг тонна сув ерга оқиб тушган. Бино баландлиги 181 метрни ташкил этади.

Зилзила душанба куни содир бўлиб, унинг кучи 6,3 баллни ташкил этган. Ҳудуд раҳбариятига кўра, бахтсиз ҳодиса оқибатида 8 нафар инсонлар вафот этган. Айни пайтда бинога зарар етганлиги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинмоқда.

Тўрткўлда алиментни қисман тўлаб келган отадан 22,7 млн сўм ундирилди

alt

Республика МИБ ахборот хизматининг Uz24.uzга маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Тўрткўл туман бўлими иш  юритувида, фуқаролик ишлари бўйича Беруний  туманлараро суди ижро ҳужжатига асосан қарздор И.Нуримбетовдан даъвогар М.Мамбетова фойдасига тарбиясидаги икки нафар фарзанди учун 1/3 қисми миқдорида алимент нафақаси ундирилиши белгиланган. 

alt

Аммо қарздор томонидан 2008 йилдан 2019 йил март ойигача алимент нафақаси қисман ва кам миқдорда тўланиб келинган. Оқибатда қарздорлик 22 млн. 737 минг 959 сўмни ташкил қилган.

 Давлат ижрочилари томонидан алимент пулларини вақтида тўламаслик оқибатлари қарздорга тушунтирилиб, ундан М.Мамбетовага 22 млн. 737 минг 959 сўм алимент пуллари тўлиқ ундириб берилган.

Қўқон кўчаларидан ЙТҲга учраган ҳайдовчи ва автомобиллар олиб ўтилди

alt

Қўқон кўчаларида ноодатий равишда аммо ўрнак бўларли тарзда автомобил паради уюширилган. Ушбу жараён суратга олинган вилеотасвир телеграм каналлари орқали тарқалган. Видеотасвирда турли даражадаги ЙТҲ га учраган ва портлаган автомобиллар ҳамда уларда тез-тиббий ёрдамга муҳтож аҳволда ётган ҳайдовчиларни жонли равишда кўриш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев Хитой сафарига йўл олади

alt

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин таклифига биноан жорий йилнинг 24-27 апрель кунлари “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми тадбирларида иштирок этиш учун Хитойга йўл олади.

alt

Форумда 40 дан зиёд хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Анжуман кун тартибидан минтақадаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли тараққиётнинг янги манбаларини излаб топиш борасидаги шерикликни фаоллаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва инновацияларни илгари суриш, устувор инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ўрин олган.

Сеҳр-жоду билан шуғулланувчилар жиноий жавобгарликка тортилади

alt

Энди сеҳр-жоду билан шуғулланувчиларга қонуний тартибда чора кўрилади. Айни пайтда, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан бу борада ўрганишлар олиб борилиб, қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида тегишли таклифлар ишлаб чиқилган.

Унга кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига сеҳр-жоду билан шуғулланганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилиши кўзда тутилмоқда.

alt

Маълумот учун, ЎМИ томонидан доимий равишда аҳоли ўртасида сеҳр-жоду амаллари билан шуғулланувчилар хизматидан фойдаланмаслик тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигига қарамай жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида ушбу салбий ҳолатлар юзасидан 20 нафар шахсга нисбатан 1та ҳолатда жиноят иши, 18та ҳолатда маъмурий ишлар қўзғатилган. Моддий зарар миқдори 22 млн. сўмдан ортиқни ташкил қилган.

Қашқадарё вилоятининг ўзида 337та сеҳр-жоду билан шуғулланувчи шахслар мавжудлиги аниқланган, 2019 йил бошидан буён улар фаолияти юзасидан 115та шикоят келиб тушган.

Тошкентда пара-атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди

alt

21 апрель куни Токио-2020 Паралимпия ўйинлари сари “Сенда ҳам имкон бор” шиори остида пойтахтимизда ўтказилган пара-атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионатида Республикамизнинг барча вилоятларидан келган пара-атлетлар ўз иқтидорларини намойиш этишган.

alt

Икки кун давом этган беллашувлар халқаро пара-атлетикага мансуб йўналишларда ўтказилиб, мусобақада Ҳусниддин Норбеков, Дониёр Солиев, Миран Сахатов, Александр Свечников, Темур Ғиёсов, Асила Мирзаёрова, Сафия Бурханова, Наталья Семёнова каби таниқли пара-атлетларимиз ўз йўналишларида тенгсиз эканликларини намойиш қилишган.

alt

alt

Мусобақа якунида Фарғона вилояти вакиллари умумжамоа бўйича фахрли биринчи ўринни қўлга киритишган. Шунингдек, Тошкент шаҳри иккинчи, Навоий вилояти учинчи ўринни эгаллаган.

alt

alt

Қизларнинг 17 ёшдан турмушга чиқишлари тақиқланади

alt

Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорига кўра, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланган.

alt

Ушбу қарор 2019 йил 1 сентябрдан кучга кирса,  қизлар қонуний равишда 18 ёшдан турмушга чиқиши қонунга мувофиқ бўлади. Йигитлар учун белгиланган уйланиш ёши аввалгидек, 18 ёшлигича қолади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинган.  

Руслан Қурбонов Ўзбекистон енгил атлетикаси тарихидан жой олди

alt

Айни кунларда Қатар пойтахти Доха шаҳрида бўлиб ўтаётган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида 3 ҳатлаб сакраш секторида стартга чиққан Рио олимпиадаси иштирокчиси Руслан Қурбонов 16.93 метр натижани қайд этган.

alt

Бу билан ҳамюртимиз Ўзбекистон енгил атлетикаси тарихида биринчи бор Осиё чемпионлигини қўлга киритмоқда.Олдинда яна 2 кунлик беллашувлар бор.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгариб туради, кечаси ва куннинг биринчи ярмида ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Кечаси 10-12, кундузи 17-19 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 10-15, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятиларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 10-15, кундузи 20-25 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, кечқурун айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 10-15, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 8-13, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғади. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 3-8, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 3-8, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *