22 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 22 / 2019

Шавкат Мирзиёев Шри-Ланка президентига ҳамдардлик билдирди

alt

21 апрель куни Шри-Ланкада кетма-кет 6 та портлаш содир бўлиши натижасида ҳалок бўлганлар сони 185 нафарга етган, 500 нафарга яқин киши жароҳатланган.

Ҳукумат вакиллари маълумотига кўра, қурбонлар орасида камида 35 нафар чет эллик бор — улар меҳмонхонада яшаётганлар бўлган, аммо қайси давлатлар фуқаролари бўлгани маълум эмас.

Теракт Орол давлат пойтахти Коломбо шаҳри марказидаги учта «люкс» меҳмонхона - «Шангри-Ла», «Циннамон Гранд» ва Кингсбери отелида, католик черковида рўй берган.

 Худди шу вақтда пойтахт яқинидаги Негомбо ва Баттикалоа шаҳридаги черковларда ҳам портлашлар содир этилган. Черковларда бу вақтда Пасха байрами муносабати билан ибодатлар давом этаётган бўлган.

alt

Айни вақтда мамлакатдаги барча байрам тадбирлари бекор қилинган. Шри-Ланка бош вазири шошилинч ҳукумат йиғилишини чақирган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шри-Ланкада юз берган портлашлар оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан мамлакат Президенти Майтрипала Сирисенага ҳамдардлик билдирган.

alt

Украина презедентлиги сайловида Зеленский ғолиб бўлди

alt

Украинада президентлик сайловининг иккинчи тури ўз ниҳоясига етган. Унда Владимир Зеленский 73,2 фоиз овоз тўплаб ғолиб бўлган. Унинг рақиби Петр Порошенко учун эса бор йўғи 28 % фоиз сайловчиларнинг овоз бериши кутилмоқда.

alt

112 Украина телеканали ва NewsOne томонидан ўтказилган экзитполга кўра Зеленский 72,5 фоиз овоз тўплайди, Порошенко эса — 27,5 фоиз. Худди шунга ўхшаш натижа «НьюсВан» телеканали ўтказган сўровномада ҳам қайд этилган. 

Миллий экзитпол янги натижалари эса қуйидагича: Зеленскийда 73,2% овоз, Порошенкода 25,3% овоз тўпланган. Зеленский унга овоз берганлар ва қўллаб қуватлаган тарафдорларига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтган.

 “Экобозор”да “Биз биргамиз” лойиҳаси асосида ярмарка ташкил этилди

alt

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Экобозор” савдо мажмуасида  “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида ярмарка ташкил этилган. Ярмаркада ногиронлиги бўлган шахслар томонидан мустақил тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотлари  тақдим этилган.

Лойиҳа доирасида “ECOBOZOR” савдо мажмуасида махсус савдо расталари ташкил этилиб, савдо кечки 19.00 га қадар давом этган.  

Ушбу тадбир ўзгалар парваришига муҳтож, турмушда қийналаётган ногиронлиги бўлган шахслар шароитларини яхшилаш мақсадида ташкил этилиб, Адлия вазирлиги барчани унда иштирок этишга чақирган.

Бошқа ишга кўчиб ўтганда ишчига қандай моддий кўмаклар берилади?

alt

“Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинишича, бошқа жойдаги ишга кўчиб борганда ходимга бир қанча моддий кўмак берилади. Хусусан, ходимга қуйидагилар тўланиши лозим:

кўчиш ва мол-мулкни кўчириб бориш билан боғлиқ харажатлар;

 янги жойда ўрнашиб олиш билан боғлиқ харажатлар;

 ходим томонидан иш берувчи билан келишиб қилинган бошқа харажатлар.

«Фориш» тоғ дала полигонида пойтахтимизга келган ҳарбийлар билан учрашув ўтказилди

alt

Хабарингиз бор, пойтахтимизга 20 апрель куни Туркия ҳамда Покистон ҳарбий делегацияси ташриф буюрган эди. 21 апрель куни “Фориш” тоғ полигонида “Ҳамдўстик қалқони — 2019” ҳамкорлигидаги махсус-тактик ўқув машғулотларида иштирок этиш учун келган мазкур делегация билан учрашув ўтказилган.

alt

alt

Ўзбекистон, Туркия ва Покистон ҳарбий делегацияси раҳбарлари иштирокида ташкил этилган йиғилиш давомида 22—27-апрел кунлари «Фориш» полигонида ўтказиладиган машғулотлар режаси, ҳарбий хизматчиларнинг кун тартиби ва махсус-тактик ўқувлар ўтказиладиган жойлар муҳокама қилинган.

alt

«Фориш» полигони ҳамда ундаги объектлар билан яқиндан танишиш учун экскурсия ташкил этилган. Ундан сўнг Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли томонидан концерт дастури тақдим этилган.

alt

alt

alt

Бугун 22-апрел куни «Ҳамдўстлик қалқони—2019» ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Дубайдаги нуфузли кўргазмада иштирок этади

alt

28 апрелдан 1 майгача Дубайда Arabian Travel Market кўргазмаси бўлиб ўтиб, унда мамлакатимиз вакиллари ҳам иштирок этади.

Мазкур нуфузли кўргазма биз учун янги бозорларга чиқиш ва мижозлар билан танишиш, мавжуд туристик маҳсулотларнинг янгиларини ишга тушириш ҳамда туризм соҳасидаги энг охирги янгиликлардан бохабар бўлиш имконини яратади.

alt

Кўргазма доирасида анжуманлар, семинарлар ва лекциялар ташкил этилади ва унда етакчи экспертлар ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашишади.

Маълумот учун, "Arabian Travel Market" Яқин Шарқ туризм соҳасидаги энг йирик халқаро кўргазма бўлиб, 1994 йилдан бери ўтказиб келинади.

ТТА Урганч филиали талабалари Россия Халқаро олимпиадасида ғолиб бўлишди

alt

2019 йилнинг 11-12 апрель кунлари Астрахан давлат тиббиёт университетида “Шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш” бўйича ўтказилган Халқаро олимпиадада Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали талабаларидан иборат жамоа фахрли биринчи ўринни қўлга киритишган.

Халқаро олимпиада 4 босқичида талабалар юрак ва ўпка реанимацияси, трахея интубацияси, лапораскопик жарроҳликнинг амалий кўникмалари ва шошилинч ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам бериш шартлари бўйича синовдан ўтказилган. 

Филиал доцентлари З. Джуманиязова ва В. Раҳмановалар раҳбарлигида талабалар Анварбек Исмоилов, Адҳамбек Асқаров, Музаффар Исмоилов, Андрей Ким ҳамда Руслан Джумабаевлар олимпиадада тенгсиз дея эътироф этилган. 

 Осиё-Океания чемпионатида дзюдочиларимиз 3 та медални қўлга киритишди

alt

Айни кунларда БААнинг Фужайра шаҳри дзюдо бўйича Осиё-Океания чемпионатига мезбонлик қилган. Ундаги 21 апрель куни бўлиб ўтган беллашувда терма жамоамиз муваффақият қозонган.

Татамига чиққан юртдошларимиз 2та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишган. Кумуш медаллардан бири -70 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган Гулноза Матниязовага насиб этган. Аммо ҳамюртимиз ҳал қилувчи беллашувда дзюдо ватанидан бўлган япониялик Шихо Танакага имкониятни бой берган.

Яна бир кумуш медалини -81 килограмм вазн тоифасида курашган Шарофиддин Болтабоев қўлга киритган. Ҳикматиллоҳ Тўраев -73 килогармм вазннинг бронза медали учун кечган беллашувларидан бирида тожикистонлик рақибини мағлуб этган.

Шукуржон Раҳимов чорак финал иштирокчисига айланди

alt

Таиландда давом этаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида яна бир вакилимиз чорак финалга йўлланма олган. Бироз аввал 60 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан Шукуржон Раҳимов ушбу босқич иштирокчисига айланган. У шунингдек, иккинчи даврада яманлик Аҳмад Ҳуссайнга қарши баҳс олиб борган.  Юртдошимизнинг тўлиқ устунлиги ушбу жанг якунида ва ҳакамларнинг балларида ҳам эътироф этилган.

Бироз аввал 69 килограм вазн тоифасида иштирок этаётган ўзбекистонлик Бобо-Усмон Батуров ҳам иккинчи жангини ғалаба билан якунлаган. У эронлик боксчи Сажжар Каземзадапоштири билан тўқнаш келиб, рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 7-12 даража, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 8-13 даража, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, Ёғингарчилик кутилмайди. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради. Баъзи жойларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 3-8 даража, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 


 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *