21 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 21 / 2019

“Хавфли бурилиш” иштирокчилари содир қилган ЙТҲ юзасидан суриштирувлар кетмоқда

alt

Куни кеча ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг қайсидир кўчаларида автомобилда сайр қилаётиб хавфли трюклар бажаришга уринган ҳайдовчи ва унинг шериклари туширилган видеотасвир тарқалди.

alt

Видеотасвирда автомобилни тартибсизларча бошқараётган ҳайдовчи ва унинг шериклари ЙТҲга учрайди, автомобил эса йўл четида ағдарилиб кетади.

ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Танганинг иккинчи томони: Энди тартибсиз ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига ҳам чора кўрилмоқда

alt

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали синфхонада ўқитувчининг ўқувчини ураётганлиги видеотасвири тарқалиб, бу жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган.

Маълумотларга кўра видеотасвирдаги ҳолат 11 апрель куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 141 мактабнинг 9 синфида содир бўлиб, унда ўқувчи ўқитувчини ҳақоратлагани, сўнг ўқитувчи уни "Сен нима дединг, гапир, нима дединг" дея силтаётгани акс этган.

Сайёр йиғилишлардан бирида ушбу ҳолат бўйича суд тартибсизлик содир қилган ўқувчи ва унинг ота-онасини жавобгарликка тортиш бўйича ҳукм чиқарган.  

alt

alt

Пойтахтда “Тошкент баҳори” V халқаро опера ва балет санъати фестивали бошланди

alt

Фестивал Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри, ”Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган.

alt

Фестивал ўтказилишидан мақсад  опера ва балет санъати соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, санъаткорларнинг бу йўналишда ўзаро мулоқоти учун имкониятни янада кенгайтириш, юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларни мумтоз санъатнинг бебаҳо намуналаридан баҳраманд этишдан иборатдир.  

alt

Фестивал илк кунида Сулаймон Юдаковнинг машҳур ”Майсаранинг иши” операси  намойиш этилган. Ушбу саҳна асарида муҳаббат, садоқат, меҳр-вафонинг очкўзлик, тамагирлик, юзсизлик устидан ғалабаси тараннум этилган.

Давлат инспекторларига селфи таёқчалари берилди

alt

Ховос туман давлат инспекторлари хизматда фойдаланишлари учун селфи таёқчалари билан таъминланишган. Бу ҳақда Республика МИБ ахборот хизмати UZ24.uzга маълум қилди. 

alt

Аксарият ҳисоблагичлар баландроқ жойларга ўрнатилган бўлиши сабабли, селфи таёқчалари инспекторларга энергия ресурсларидан фойдаланганлик ҳақидаги маълумотларни олиш ва ҳисоблагичдаги рақамларни белгилашда қўл келади.

Эндиликда хизмат вазифасини бажараётган давлат инспектори бемалол селфи таёқчаси орқали ҳисоблагичлардаги кўрсаткичларни пастда туриб суратга олиши мумкин. Бу эса бевосита иш самарадорлигига хизмат қилиб, уй эгаларидан нарвон ёки стул сўрашга ҳожат қолмайди.

Ховосда 4 нафар фарзанди учун унинг отасидан  76,1 миллион сўм алимент ундирилди

alt

Ховос тумани Мажбурий ижро бюроси ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро суди томонидан қарздор А.Бабаевдан ундирувчи М.Бабаева фойдасига жами 76,1 млн. сўм қарздорлик тўлиқ ундириб берилган.  Суд қарори М.Бабаеванинг 4 нафар фарзанди учун алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича чиқарилган. Бу ҳақда Республика МИБ ахборот хизмати хабар бермоқда. 

alt

alt

Собиқ эр-хотинларга тўрт нафар фарзандлари олдидаги бурчлари ва масъулиятлари, келажакдаги орзу-умидлари борасидаги олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ушбу оила яраштирилган.

Боғчага тўланадиган ота-оналар пули миқдори оширилади

“Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинишича, 2019 йил 1 майдан боғчага тўланадиган ота-оналар пули миқдори оширилади.

alt

Тошкентнинг айрим ҳудудларида газ ўчирилади

alt

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг хабар қилишича, пойтахтда  қувурларда таъмирлаш-созлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан қуйидаги ҳудудларда вақтинчалик газ таъминоти тўхтатилади.

22 апрелда 9:00дан 19:00гача Олмазор туманининг “Қорасарой” маҳалласи, Тошкент шаҳар 1-сон сил касалликлари клиник шифохонаси, “Икки панжа” кафесида;

Чилонзор туманининг “Катта Дўмбиробод” ва “Дўмбиробод” маҳалласи,  “Тирсакобод” маҳалласи, Гавҳар кўчаси;

23 апрель соат 10:00дан 19:00гача Миробод туманининг Файзиобод ҳамда Оқ билол кўчаси, Оқ уй, Бешкент ва Эски Отчопар кўчасида;

Сергели туманининг Қўйлиқ 5-6-7 даҳаси, “Қўшқўрғон” маҳалласи, Қўшқўрғон 4-5 тор кўчаси ва Нуфузли кўчаси.

Туркия ҳарбий делегацияси халқаро машғулотларда иштирок этиш учун Тошкентга келди

alt

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, 20 апрел куни туркиялик ҳарбийлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинган ва шу ернинг ўзидан ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларда иштирок этиш учун улар «Фориш» полигонига йўл олишган.

alt

Апрелнинг 22—27 апрел кунлари «Фориш» полигонида Ўзбекистон—Покистон—Туркия ҳамкорлигида махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилган.

Мазкур ўқув машғулотлари 2019 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Покистон ва Туркия қуролли кучлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ бир қатор тизимли тадбирлар асосида амалга оширилмоқда.

20 апрель кечаси Покистон ҳарбий делегацияси ҳам Тошкентда кутиб олинган.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради. Баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши, шамол ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 8-13 даража, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради. Кучли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.  

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 22-27 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради. Ёғингарчилик кутилмайди, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 3-8 даража, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *